Ўзбекистонда йиллик инфляция пасайди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025-йил октябрь ойида инфляция 0,6 фоизни ташкил этди — бу сентябрдаги кўрсаткич билан бир хил, аммо 2024-йил октябридаги 0,8 фоизлик даражадан паст.
Январ–октябрь ойларида жами инфляция 5,7 фоиз бўлди. Йиллик инфляция даражаси 7,8 фоизни ташкил этди — бу бир ойда 0,2 фоизга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса 2,4 фоиз пунктга камайган. Мева ва сабзавотлар нархлари ҳисобга олинмаган ҳолда, инфляция ойлик 0,5 фоиз, йиллик 8,6 фоиз бўлди.
Нархлар ўсиши кузатилган маҳсулотлар орасида тухум 4,1 фоизга, қўй ва мол гўшти 1,7 фоизга, сут 1,2 фоизга, ўсимлик ёғи эса 0,8 фоизга қимматлашган.
Энг катта қимматлашиш мева ва сабзавотларда кузатилган: помидор 61,1 фоизга, бодринг 58,2 фоизга, бақлажон 11,3 фоизга, булғор қалампири эса 10,6 фоизга ошган.
Нонозиқ-овқат маҳсулотлари 0,4 фоизга, хизматлар эса 0,3 фоизга қимматлашган. Йиллик ҳисобда улар мос равишда 5,8 фоиз ва 8,7 фоизни ташкил этди.
Ҳудудлар кесимида энг юқори ойлик инфляция Андижон вилоятида (0,9 фоиз), энг паст кўрсаткич эса Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида (0,5 фоиз) қайд этилган. Йил бошидан бери нархлар энг кўп Қорақалпоғистон ва Фарғона вилоятларида (6,2 фоиз), энг кам эса Тошкент шаҳрида (5,1 фоиз) ўсган. Йиллик инфляция бўйича Фарғона вилояти (8,6 фоиз) етакчилик қилмоқда, энг паст даража эса Жиззах вилоятида (7,1 фоиз) қайд этилган.