Трамп Нью-Йорк мэрлиги сайловида Демократик партия номзоди, мусулмон Зоҳран Мамдани ғалаба қозонса, шаҳар учун федерал молиялаштиришни чеклаш билан таҳдид қилди, деб хабар бермоқда BBC.
АҚШ президенти ўз тарафдорларини Нью-Йорк штатининг собиқ губернатори Эндрю Куомога овоз беришга чақирди.
Куомо — Демократик партия аъзоси бўлиб, у партиянинг дастлабки саралаш босқичида (праймеризда) Мамданига ютқазгач, Нью-Йорк мэрлиги сайловида мустақил номзод сифатида қатнашмоқда. Reuters хабарига кўра, сўровномалар натижаси Мамданининг Куомодан олдинда эканини кўрсатмоқда.
"Сизга Эндрю Куомо ёқадими йўқми ҳозирги ҳолатда бошқа танлов йўқ. Сиз унга овоз беришингиз ва у ишини аъло даражада бажаришига умид қилишингиз керак. У бунга қодир, аммо Мамдани — йўқ!", — деб ёзди АҚШ президенти Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
"Мен тажрибасиз коммунистдан кўра муваффақиятли фаолиятга эга демократнинг ғалабасини афзал кўраман. Агар Мамдани ғалаба қозонса, мен Нью-Йорк учун федерал маблағларни ажратишни энг зарур даражагача қисқартиришим эҳтимолдан йироқ эмас", — дея қўшимча қилди Доналд Трамп.
"Республикачилар бутун сайлов кампанияси давомида Мамданининг номзодини танқид қилиб келишган, Трамп эса уни “коммунист” деб атаган. Июн ойида 34 ёшли сиёсатчи Демократик партия праймеризида кутилмаган йирик ғалаба билан сиёсий шарҳловчиларни ҳайратда қолдирган эди", дея ёзмоқда BBC.
Мамданининг дастурида Нью-Йоркнинг энг бой фуқаролари учун солиқларни ошириш, ижара ставкаларини музлатиб қўйиш ва давлат томонидан уй-жой субсидияларини кўпайтириш таклифлари мавжуд.