Жорий йилнинг 11-12 декабрь кунлари Тошкентда «Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари» мавзусида халқаро илмий конференцияси бўлиб ўтмоқда.
Йирик амалий анжуманда ўзбекистонлик олимлардан ташқари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон, Туркия, Россия Федерацияси, Венгрия, АҚШ, Германия, Нидерландия, Швеция, Япония ва бошқа мамлакатлардан келган таниқли олим ва экспертлар иштирок этмоқда. Конференция ўз олдига жадидчилик даврида хотин-қизлар фаоллиги масалалари, Туркистон жадидчилигининг чет элда ўрганилиши, шунингдек, бугунги кунда жадидлар ҳаёти ва фаолиятини ўрганишдаги истиқболли режаларни мақсад қилиб қўйган.
Президент Шавкат Мирзиёев халқаро илмий конференция иштирокчиларига мурожаат йўллади. Мурожаатни Ўзбекистон Президентининг маслаҳатчиси – спичрайтер Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди. Шавкат Мирзиёев конференция иштирокчиларига йўллаган мурожаатида маърифатпарвар аждодларимизнинг ибратли фаолиятини, уларнинг ўз қиммати ва аҳамиятини ҳамон йўқотмасдан келаётган бой меросини Туркий тилли давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, таниқли хорижий олимлар билан биргаликда теран тадқиқ ва тарғиб этиш зарурлигини қайд этди.
— Ўз моҳият эътиборига кўра ноёб ижтимоий-сиёсий феномен бўлган жадидчилик ғоясининг шаклланиши ва тараққиётига доир дунёнинг бир қатор мамлакатларида кўплаб тадқиқотлар яратилган бўлсада, ушбу ҳаракат намояндаларининг Марказий Осиё ҳудудида миллий давлатчилик ва минтақавий ўзига хосликни, фуқаролик жамиятининг ривожланишига қўшган улкан ҳиссасини консептуал ва тизимли асосда атрофлича ўрганиш долзарб масала бўлиб қолмоқда, — дейилган Президентнинг конференция иштирокчиларига йўллаган мурожаатида.
Шунингдек, анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёева иштирокчиларни қутлаб, чиқиш қилди. Турли мамлакатлардан конференцияга ташриф буюрганларга миннатдорчилик билдириб, мамлакатимиз учун энг муҳим мавзулардан бири – миллат таълим-тарбияси масаласини муҳокама қилиш ва Ўзбекистонда жадидлар бошлаган ишларни давом эттириш вақти аллақачон етиб келганини таъкидлади.Жадидчилик дастлаб 19-асрнинг 80 йилларида Қримда Исмоилбек Гаспринский раҳбарлигида қримтатарлар ўртасида вужудга келди. Жадидчилик ҳаракати намояндалари кўпинча ўзларини тараққийпарварлар, кейинчалик жадидлар деб аташган. Ўша даврнинг илғор тараққийпарвар кучлари, биринчи навбатда, зиёлилар маҳаллий аҳолининг умумжаҳон тараққиётидан орқада қолаётганлигини ҳис этиб, жамиятни ислоҳ қилиш заруриятини тушуниб етгандилар. Жадидчилик моҳият эътибори билан аввало сиёсий ҳаракат эди.
— Бугунги кунга унчалик ҳам осон келмадик, — дейди Бухоро Халқ Республикаси етакчиларидан бири бўлган Усмон Хўжа ўғлининг зурриёти Темур Хўжа ўғли. — Албатта, бугун бизлар нима қилсак ҳам жадидчи боболаримизнинг ўз қонлари ва жонларини фидо қилиб бугунги Ғарбий Туркистонда, Озарбайжонда ҳамда Туркияда мустақил давлатларнинг пайдо бўлишидаги ҳиссасини ўтай олмаймиз. Жадидчи боболаримиз бугунги мустақил давлатларнинг тузилишини бундан бир ярим аср олдин кўрган ва бунга эришиш учун курашган эдилар. Бунинг яққол мисолини ўзимдан айтсам, менинг дадам жадидчи Усмон Хўжа 1968 йил 28 июлда вафот этишидан бир кун олдин менга шу сўзларни айтган эди: Ўғлим, мен сенга мол-мулк, қўша-қўша бойлик қолдирмадим, мен сенга фақат Туркистон деган ватан ҳасрати қолдириб кетяпман. Лекин бугун мустамлака бўлган бу юртимиз яқин бир келажакда мустақил ва эркин давлат бўлади, бунга ишонаман. Бироқ мен у мустақиллик кунларини кўролмайман, аммо сен юртимизнинг мустақиллигини албатта кўрасан. Сен кўраётганда менинг кўзларим билан ҳам қара!
Ҳалок бўлиб, мозорлари, қабрлари бўлмаган жадидчилар орасида энг узоқ яшаган 90 ёшли Усмонхўжанинг кўзларини юмишидан олдинги охирги сўзлари мана шулар эди. Ёлғиз Усмон Хўжа эмас, Исмоилбек Гаспринскийдан бошлаб барча жадидчилар мустақиллик, эркинлик, маърифатчилик ишончи билан, ўз юртларига бўлган чексиз муҳаббат билан, айниқса, ҳозирги ва келажакдаги барча ёш авлодларга ўзларининг буюк ғояларни мерос қолдириб кетди.
Туркистонни ўрта асрларга хос қолоқлик ва диний хурофотдан озод этиш, шариатни ислоҳ қилиш, халққа маърифат тарқатиш, Туркистонда мухторият ҳукуматини барпо этиш учун кураш, Бухоро ва Хивада конституциявий монархия ва парламент, кейинчалик демократик республика тузумини ўрнатиш орқали озод ва фаровон жамият қуриш, барқарор миллий валютани жорий қилиш ва миллий қўшин тузиш жадидларнинг олдига қўйган режалари эди.
Тошкент, Фарғона, Бухоро, Самарқанд ва Хивада ҳур фикрли ва тараққийпарвар кишиларнинг айрим гуруҳлари томонидан очилган маданий-маърифий йўналишдаги жамият ва уюшмалардан жадидчилик ҳаракати шаклланди.
— Ишончим комилки, бу конференция албатта жадидлар, жумладан, менинг бобом Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижодида янги саҳифа очади, — дейди Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг невараси Шоҳруҳхон Беҳбудий. — Жадидларнинг ғояларини ўз даврида кўпчилик тушуниб етмади. Уларнинг мақсадлари шу халқни маърифатли қилиш, озодликка, мустақилликка эришиш эди. Мен ўйлайманки, ўша даврдаги ҳақиқий ватанпарварлар жадидлар эди. Чунки кўпчилиги ўзларини, оиласини ўйламасдан ўз ҳисобларидан мактаблар, кутубхоналар, нашриётлар очди. Мактаблар учун китоблар ёзиб, халққа текинга тарқатишди. Театр ташкил қилиб, пьесалар ёзишди. Буларнинг замирида халқни уйғотиш, қолоқликдан олиб чиқиш ётарди. Биз бобомизни кеч танидик, хабарингиз бор, Собиқ Иттифоқ даврида жадидларга оид бўлган ҳамма қатағон қилиниб, кўпчилиги отилган, ўлдирилган. Солижон Қосимов, Наим Каримов, Бегали Қосимов, Ҳабиб Саид, самарқандлик адиб Нусрат Раҳмат ҳамда бошқа кўплаб олимлар саъй-ҳаракати орқали биз Беҳбудийнинг аслида буюк жадидчи эканлигини билиб олдик.
Жадидчиликни шакллантиришда кўплаб миллат зиёлилари фаол қатнашган. Жамиятни ўртаасрчилик иллатлари, маданий қолоқлик ва мустамлака зулмидан, хурофотдан озод қилиш, халқни замонавий тараққиёт йўлига олиб чиқиш, миллий давлатчилик асосларини бунёд этиш жадидчилик ҳаракатининг асосий мақсади эди.
— Туркистон жадидларини ўз ғоя-фикрларини амалга ошириш учун албатта, билимли, малакали мутахассис ёшлар керак бўлган, — дейди филология фанлари доктори, профессор Зайнобиддин Абдурашидов. — Шу сабабдан 1910-13 йиллардан бошлаб туркистонлик ёшлар хорижга мақсадли ўқишга юборила бошланди. Буни Туркиядаги Бухоро маориф жамияти фаолиятида яққол кўришимиз мумкин. Бу жамиятни қурувчилар сифатида Усмон Хўжа ўғли, Абдурауф Фитрат ва бошқа бухоролик жадидлар тилга олинади. Бу жамиятнинг асосий мақсади нафақат Бухоро учун, балки бутун Туркистон учун кадрларни хорижда етиштириш ва юртга қайтариб жўнатиш ҳамда ўйланган ғояларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш учун катта бир хизмат кўрсатган эди. Бундан ташқари жадидлар асосий ғояларини қаердан олишган? Албатта, саёҳат! Саёҳат у даврда янги бир билимга эга бўлишнинг воситаси сифатида қаралган. Европага, Эронга, Туркияга, Мисрга бориш у ердаги ажойиботларни кўриш эмас, илғор фикрли одамларнинг тажрибаларини ўрганиш, алоқалар ўрнатиш ва шу орқали Туркистонда ҳам ана шу давлатларда амалга оширилаётган ишларни, тажрибани қўллаб кўриш эди.
Ҳозирги даврга келиб, жадидчилик ижтимоий-сиёсий ҳаракат сифатида эътироф этилди, унинг хизматлари тан олинди. Жадид адабиёти миллий маданиятнинг таркибий қисми сифатида баҳоланиб, ўнлаб китоблар, турли асарлар нашр этилмоқда, кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Учинчидан, кейинги йилларда асрлар давомида орзу қилинган, жадидлар ҳам интилиб келган эзгу ғоялар амалга ошмоқда, юртимизда Янги Ўзбекистонни бунёд этиш имкони пайдо бўлди.
Конференция 12 декабрь куни ўз ишини давом эттиради. Унда бир вақтнинг ўзида сессиялардаги муҳокамалар, шунингдек, ёшларни жалб қилган ҳолда, кенг аудитория учун очиқ панель сессияларини ўтказиш кўзда тутилган.