16 декабр куни Тожикистон фуқароси, 10 ёшли Қобилжон Алиевнинг Москва вилоятидаги мактабда 9-синф ўқувчиси Тимофей К. томонидан пичоқлаб ўлдирилгани Россияда миллатчилик кайфияти тобора кучайиб бораётганини тасдиқлагандек бўлди.
Аввал хабар берганимиздек, қотил бир неча кун давомида ҳужумга тайёргарлик кўрган. Бу вақт ичида у 11 саҳифадан иборат, миллий ва диний айирмачилик руҳида «Менинг ғазабим» номли манифест ёзган ва уни синфдошларига юборган.
Таҳлилчи ва жамоат фаолларининг фикрича, бу мактабларда учраб турадиган «навбатдаги жиноят» эмас, балки рус жамиятида тобора кучайиб бораётган миллатчиликнинг ҳаётга кўчган аксидир.
«Ўлдиришдан аввал ўсмир болакайнинг миллатини сўраган, кейин пичоқ санчган. Қобилжоннинг оиласи бундан 4 йил аввал Россияга Тожикистоннинг Ҳисор вилоятидан кўчиб борган, 3 йил аввал отаси оламдан ўтган, онаси икки нафар эгизак фарзандини шу мактабда фаррошлик қилиб боқаётган эди... Бу даҳшатли жиноят катта резонанс бермоқда.
Сўнгги йилларда Россия сиёсий доиралари, хусусан, депутатлари ва партия лидерлари томонидан мигрантларга қарши чиқишлар кўпайди. Улар ҳали қарасанг мигрантларнинг болаларини мактабларимизда ўқитмаймиз, ўз юртингга кет дейишди, ҳали қарасанг, мигрантлар урушга бориши керак, бўлмаса Россиядан ҳайдаймиз, дейишди. Тиббий суғурта полисини олишни қийинлаштиришди, мигрант таксистларнинг агрегаторлардаги аккаунтлари блокланди, ҳатто мигрант курерларни ҳам ишлагани қўйишмади. Хуллас, ўз меҳнати билан пул топиб, солиқ тўлаб, ҳам Россия иқтисодиётига, ҳам ўз оиласига ёрдам бермоқчи бўлган оддий меҳнаткашларга осилишдан чарчашмади. Россия ҳуқуқ-тартибот органлари эса мигрантларга қарши рейдларда қўпол муносабат, куч ишлатиш, ҳатто инсоний шаън ва қадр-қимматни таҳқирлашдан тийилмай қўйишганига анча бўлди. Бу ҳол ўзининг заҳарли меваларини бера бошлади. Украинада «фашизмга қарши» курашаётган мамлакатнинг ўсмирлари Москва биқинида миллий мансубликка кўра одамларни сўймоқда — бу ҳолатни таърифлашга сўз тополмадим», — деб ёзди блогер Шаҳноза Соатова.
«Бир нарса аниқ, бу ҳодиса мактабларда учраб турадиган «навбатдаги жиноят» эмас. Бу — рус жамиятида тобора кучайиб бораётган миллатчилик ва ксенофобиянинг болалар ҳаётига ҳам кўчиб улгурган акси. Россия жамиятида йиллар давомида рус бўлмаганларга нисбатан кучайиб бораётган зўравонлик ва шу зўравонликни оқлаш кайфияти ана шундай фожиалар учун муҳит яратмоқда.
Энг аянчлиси шундаки, бундай фожиаларда бегуноҳ болалар ўзларига алоқаси бўлмаган инсонларнинг шахсий амбициялари, улар миллатчилик ва ксенофобия билан заҳарлаган муҳитнинг қурбонига айланмоқда...
Хабарни ўқиб, ичимга оғир ғашлик, тушкунлик кирганди. Аммо бегуноҳ болажоннинг пичоқланиши тармоқларнинг рус сегментида кўплаб россияликларни хурсанд қилаётгани, кулдираётганини ҳам кўрдимки, энди даҳшатга тушяпман. Хўш, бир боланинг вафотидан хурсанд бўлиш учун жамият қанчалик ботқоққа ботган бўлиши керак?!» — дея хавотирларини бўлишди журналист Илёс Сафаров.
«Қобилжонни ким ўлдирди?
Тизим!
Сўнгги 2 йил ичида радикаллашув даражасигача етиб борган сегрегация ва апартеид тизими!
Қобилжонни (Сергей) Мироновнинг доимий чиқишлари ўлдирди!
(Александр) Бастрикиннинг баёнотлари ўлдирди!
Давлат думасининг қонун лойиҳалари ўлдирди!
Россиянинг давлат телеканаллари ўлдирди!
Нацистик Телеграм каналлари ўлдирди!
Мигрантларга қарши доимий ва кўз-кўз қилинадиган рейдлар ўлдирди!
Аэропортлардаги соатлаб давом этадиган ушлаб туришлар ўлдирди!
Қобилжон Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг юбилей йилида ўлдирилди! Нацизм ва фашизмга қарши урушнинг юбилейи даврида!
Ушбу сана муносабати билан оммавий тадбирлар ўтказилаётган бир пайтда!
Қобилжон Украинани «денацификация қилиш бўйича махсус ҳарбий операция» давом этаётган кунда ўлдирилди!
Россия ташаббуси билан БМТ Бош ассамблеяси томонидан нацизм ва фашизмни улуғлашга қарши навбатдаги резолюция қабул қилинганидан кейинги куни!
Россия ТИВ томонидан чет элдаги ватандошлар ҳуқуқлари бузилиши бўйича ҳисобот эълон қилинганидан кейинги куни!..
Бу рўйхатни чексиз давом эттириш мумкин...
Хўш, ҳамдардлик қани? Таъзия-чи? (Узр сўрашни айтмаса ҳам бўлади). Ҳеч нарса йўқ!
Россиянинг Тожикистондаги элчихонаси икки кундан бери телеграм-каналида юқорида санаб ўтилган ҳужжатлар ҳақида постлар жойлаяпти, аммо бу воқеани бутунлай эътиборсиз қолдирмоқда!», — деб ёзди тожикистонлик сиёсатшунос Муҳаммад Шамсуддинов.
Xabar.uz кеча 286 минг нафарга яқин обуначига эга русийзабон каналда пичоқланган марҳум болакайни мазахлаб пост жойлангани, на қонунчилик, на инсонийликка тўғри келадиган бу постни кўп сонли фойдаланувчилар уятсизларча олқишлагани ҳақида ёзган эди.
«Саҳифа муаллифи қандайдир жавобгарликка тортилиши керак, деб хомтама бўлманглар. Буларга ҳеч нарса қилмайди. Чунки, айни дамда, Путиннинг асосий электорати айнан мана шундай радикал рус неофашистлари ҳисобланади. Унинг янги мафкураси меъмори Александр Дугин бу каби биомассани шакллантирди ва Путин буларнинг ғайратидан ўз сиёсий мақсадлари йўлида фойдаланяпти. Путин ўз қўйнида тирик бомбани олиб юрибди, сабаби, бу каби радикал биомусорлар «стоп» сигналини билмайди. Ва доим охиригача боришади. Тарих такрорлардан иборат: оқибатда ё булар Пригожин сингари ўз раҳнамосига қарши бош кўтариб, уни ағдариб ташлашади, ёки Путин буларни ҳам репрессиялар йўли билан йўқ қилади», — деб ҳолатга муносабат билдирди Телеграмдаги «Файзбоғ» канали.
Cиёсатсатшунос Камолиддин Раббимов тожикистонлик боланинг ўлими муносабати билан парадоксал ҳолатга эътибор қаратган.
«Эсимда бор, 2009-2013 йиллар мобайнида ҳар ойда Россияда тақирбошлар ўзбеклар, тожикларни атайлаб ўлдиришарди. Тақирбошлар бир йилда жами 200-250 гача одам ўлдиришарди. Буни халқаро ОАВ кенг ёритган.
Россия ўзини империя ҳисоблайди, ўзининг империясини қайта тиклаш учун иш олиб бормоқда. Қолаверса, Россия бу — федерация. Унинг ичида кўплаб халқлар, этник автохтон худудлар, республикалар, вилоятлар бор. Лекин ички сиёсатда Россия кўп миллатли империализмни эмас, рус шовинизмини, национализмини тарғиб қилади. Бу шунчаки зиддият эмас, бу фундаментал зиддият. Ҳозирча Путин вертикали куч билан ушлаб турилибди. Лекин, бу куч заифлашиши билан мана шу зиддият портлайди.
Постсовет ҳудудида энг россияпараст жамиятлар бу — аввало Тожикистон, сўнгра Ўзбекистон. Қўшни Қозоғистонда рус тилини билиш даражаси жуда юқори, лекин қозоқ халқи россияпараст эмас. Россияга энг ишонмайдиган жамиятлар — Болтиқбўйи республикалари, Украина. Энг қизиғи — рус миллатчилари аввало тожик ва ўзбекни ўзига нишон билади. Лекин латишларга, эстонларга еки украинларга тегинишдан қўрқади», — дея хулоса қилади Камолиддин Раббимов.
«Медуза» нашри ёзишича, 2023 йилдан кейин Россияда нафратга асосланган жиноятлар сони кескин ортган. «Сова» маркази тадқиқотлари ҳам Россияда ирқчиликка асосланган зўравонлик кучайиб бораётганини тасдиқлайди.