Бугун 19 декабрь, 2025 йил, жума

O'ZB

Озодликка чиқарилган Акмал Шукуров яна қамоққа қайтарилди

Озодликка чиқарилган Акмал Шукуров яна қамоққа қайтарилди

Аввал хабар қилинганидек, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг 2025 йил 24 октябрдаги ҳукмига кўра А. Шукуровга 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.

Биринчи инстанция судининг ушбу ҳукми устидан А. Шукуров томонидан апелляция тартибида берилган шикоят Тошкент шаҳар судида кўриб чиқилди.

Мазкур жиноят ишини апелляция инстанциясида кўриб чиқиш жараёнида жабрланувчилар А. Шукуровга нисбатан нисбатан моддий ва маънавий даъволари йўқлигини билдириб, унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраган.

Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг жорий йилнинг 9 декабрдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг 2025 йил 24 октябрдаги ҳукми ўзгартирилган.

Апелляция инстанцияси суди А. Шукуровга нисбатан жазо тайинлашда, унинг жиноятни маст ҳолатда, қасддан ғараз ва паст ниятларда содир этганлигини жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар деб баҳолаб, айбига қисман иқрорлиги, қилмишидан пушаймонда эканлиги, жабрланувчиларнинг моддий ва маънавий даъвоси йўқлиги, муқаддам судланмаганлиги, жабрланувчилар судланувчига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо сўраганлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топиб, унга нисбатан 4 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади. А. Шукуровнинг қамоқда бўлган кунлари тайинланган жазодан чегирилиб, ўташ учун 3 йил 3 ой 11 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилган.

Тошкент шаҳар прокуратураси тафтиш тартибида протест киритиб, унда А. Шукуровга нисбатан апелляция суди томонидан чиқарилган ажримни бекор қилишни сўраган. Шунингдек, протестда А. Шукуровга биринчи инстанция суди жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг ҳукмини ўзгартириб, Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан тайинланган жазони ўзгартириб, Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “е” банди ва 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “г” банди билан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўзгаришсиз қолдириш сўралган.

Бугун мазкур жиноят иши Тошкент шаҳар судининг 3 нафар судьядан иборат тафтиш ҳайъати томонидан қайта кўриб чиқилиб, прокуратура протести қаноатлантирилди.

Эълон қилинган ажримга кўра биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгартирилди ҳамда апелляция инстанция судининг ажрими бекор қилинди.

А. Шукуровга Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят доирасида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланганлиги сабабли ушбу кодекснинг 57-моддасини қўллаган ҳолда иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Шунингдек, А. Шукуровга Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “е” банди билан тайинланган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан тайинланган 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси аслича қолдирилиши белгиланди.

Шу тариқа, А. Шукуровга тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Унинг қамоқда сақланган кунлари тайинланган жазодан чегирилиб, ўташ учун 5 йил 3 ой 12 кун муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси қолдирилди.

Тошкент шаҳар судининг ушбу ажрими устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади.

Киритилди: 18:26 18.12.2025. Ўқилди: 1019 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!