Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, қулай шароитларда тўқимачилик саноатининг ривожланиши мамлакат ва унинг ҳудудлари иқтисодий ўсишининг муҳим нуқтасига айланиши мумкин. Бу борада Ўзбекистон муайян рақобат устунлиги ва салоҳиятга эга.
Тўқимачилик саноати мамлакатимизнинг товар ва хизматлар экспортида етакчи ўринни эгаллайди, аниқроғи товар ва хизматлар умумий экспортининг қарийб 17,5 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келади.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертларининг фикрига кўра, сўнгги йилларда экспортни сифат жиҳатидан диверсификация қилиш бўйича муайян натижаларга эришилган.
Биринчидан, маҳаллий ресурсларни ички қайта ишлаш (пахта толасининг 80-90 фоизини қайта ишлаш) ҳисобидан хом ашё (пахта толаси) экспортининг қисқариши ва саноат товарлари (ип-калава, мато, кийим) экспортининг ортиши таъминланди.
Иккинчидан, хорижга қарийб 500 турдаги тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилишга эришилди.
Учинчидан, жаҳон бозорининг янги сегментларига чиқиш ҳисобига Ўзбекистон жаҳоннинг 65 дан ортиқ мамлакатига маҳаллий тўқимачилик маҳсулотларини етказиб беришни йўлга қўйди. Россия, Хитой, Туркия ва Қирғизистон – бизнинг асосий савдо ҳамкорларимиз ҳисобланади. Мамлакат тўқимачилик маҳсулотларининг тахминан 80 фоизи ушбу мамлакатларга экспорт қилинади.
ПМТИ томонидан қилинган ҳисоб-китоблар Андижон, Наманган, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳри тўқимачилик маҳсулотларининг асосий экспортчилари эканлигини кўрсатди. (2021-йилда товар экспортининг умумий ҳажмида минтақанинг улуши 11,0–17,5%, жами 66,6%).
Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм вилоятларида калава ип ва мато экспорти муҳим йўналиш ҳисобланади.
Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Тошкент вилоятлари калава ип ва матоларни қайта ишлашни чуқурлаштириш ва юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳисобига тўқимачилик саноатининг экспорт салоҳиятини ошириш захираларига эга. Бироқ ПМТИ экспертларининг фикрига кўра, тўқимачилик маҳсулотлари экспортини кенгайтириш учун қуйидаги масалаларга эътиборни кучайтириш лозим:
1. Юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилгунга қадар ип ва матоларни саноат усулида давомли қайта ишлашни таъминлаш.
2. Экспортнинг истиқболли йўналиши сифатида инновацион тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни ўзлаштириш.
3. Ҳудуднинг миллий ранг-баранглиги, маҳаллий анъаналар, замонавий дизайн ва модани ҳисобга олган ҳолда тайёр тўқимачилик маҳсулотларининг халқаро минтақавий форумларини ўтказиш.