Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Борис Жонсон 2017 йилда Россияга ташрифи чоғида РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров томонидан кўрсатилган меҳмондўстликни жазога қиёслади.
Бу ҳақда Борис Жонсон РБК билан суҳбатда маълум қилди.
Жонсоннинг сўзларига кўра, у Москва билан муносабатларни қайта тиклашни режалаштирган, аммо бу уриниш «фалокат билан якунланган».
«Лавров мени жуда иссиқ камин қаршисида ўтирган ҳолда жуда кўп миқдорда ароқ ичишга мажбур қилди. Бу Виктория давридаги хусусий мактаблардаги қандайдир жазога ўхшарди», — деди Буюк Британиянинг собиқ бош вазири *Tres Respuestas* шоусида.
Жонсон бу ҳолат «даҳшатли бўлгани ва ҳеч қандай натижага эришмаганликларини» қўшимча қилди.
Борис Жонсон 2019 йил 24 июлдан 2022 йил 6 сентябрга қадар Буюк Британия бош вазири лавозимида ишлаган. У Консерватив партия вакили бўлган. Ушбу лавозимда Тереза Мэйнинг ўрнини эгаллаган, истеъфосидан сўнг эса ҳукуматни Лиз Трасс бошқарган.
Жонсон 2017 йил 22 декабрь куни, Тереза Мэй ҳукуматида Буюк Британия ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаётган пайтида Москвага ташриф буюрган. Ушбу расмий ташриф 2012 йил май ойидан бери Британия дипломатияси раҳбарининг Россияга илк ташрифи бўлган.
Вазирлар Эроннинг ядровий дастури, Хитой билан муносабатлар ҳамда 2018 йилда Россияда бўлиб ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионатидаги хавфсизлик масалаларини муҳокама қилган.