Австралиянинг икки юқори мартабали сиёсатчиси ўртасидаги кулгили суҳбат омма эътиборига тушди ва ижтимоий тармоқларда тезда вирусли тарқалди.
Журналистлар мамлакат бош вазири Энтони Албаниз ва унинг ҳамкасби — иқлим масалалари бўйича вазир Крис Боуэн ўртасидаги суҳбатни тасодифан тасвирга олишган. Улар мобил телефонни қайси чўнтакда олиб юриш яхшироқ эканини муҳокама қилишган.
Австралия бош вазири ҳамкасбидан смартфонини қаерда олиб юришини сўраган. У телефонни пиджагининг кўкрак чўнтагида сақлашини билгач, нурланишнинг эҳтимолий зарари туфайли қурилмани юракдан узоқроқда тутиш кераклигини айтган.
Иқлим масалалари бўйича вазир эса телефонни шим чўнтагига солиб қўймаслик учун уни кўкрак чўнтагида олиб юришни афзал кўришини тан олган.
Шунда Энтони Албаниз чўнтак танлаш репродуктив тизим саломатлиги ҳақидаги хавотир билан боғлиқ эмасми, деб аниқлик киритган. Албатта, у ижобий жавоб олган.
«Бу, эҳтимол, юракдан ҳам муҳимроқ», — деб самимий тан олган Крис Боуэн катта ҳамкасбига.
Саломатлик учун муҳим бўлган мавзуга бағишланган эркин суҳбат кулги билан давом этган. Австралия оммавий ахборот воситалари таъкидлашича, сиёсатчилар ўша пайтда камерага тасвирга тушаётганларини билмаган.
Суҳбатнинг қизиқарли тафсилотлари Channel 7 телеканали журналистлари томонидан расмий тадбирни тасвирга олишга тайёргарлик кўрилаётган вақтда тасодифан ёзиб олинган.
Энтони Албаниз ва Крис Боуэн шу кунларда Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференциясида иштирок этмоқда. Сиёсатчиларнинг кулгили суҳбатини тинглаган оммавий ахборот воситалари уни эълон қилишга қарор қилган.