АҚШ президенти Дональд Трамп ноябрь ойида Конгрессга бўлиб ўтадиган оралиқ сайловлар якунларига кўра, агар Республикачилар партияси Конгресс устидан назоратни сақлаб қолса, ҳар бир вояга етган АҚШ фуқаросига 5 минг доллардан тўлашга ваъда берди.
«Агар республикачилар АҚШ Вакиллар палатаси ва Сенатда назоратни сақлаб қолса, иқтисодиётдаги мислсиз муваффақиятларимиз туфайли... Америка Қўшма Штатларининг ҳар бир вояга етган фуқаросига 5 минг доллар миқдорида дивиденд тўлайман», — деди президент.
Bloomberg таъкидлашича, бундай тўловлар АҚШ бюджетига 1 триллион доллардан ортиқ маблағга тушиши мумкин.
Трампнинг сўзларига кўра, бу тўловлар «муваффақиятли компаниялар инвесторларга дивиденд тўлаши»га ўхшайди.
Шу билан бирга, Трамп ушбу пул АҚШ ҳудудида сарфланиши кераклигини таъкидлади.
«Биз сизларнинг Канадага бориб, пулларни ўша ерда сарфлашингизни истамаймиз. Хитойга, Германияга боришингизни ҳам истамаймиз... Сиз бу пулни АҚШда сарфлашингиз керак», — деди у.