Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлар штаби аъзоси Паоло Каннаваро фаолиятини Италияда давом эттириш имкониятидан фойдаланмади. У акаси Фабио Каннаваро билан ҳамкорликни сақлаб қолишни маъқул кўрган.
TuttoMercatoWeb маълумотига кўра, Италиянинг «Жульяно» клуби Раффаэле Ди Наполи истеъфосидан кейин 45 ёшли мутахассисни бош мураббийликка таклиф қилган.
Музокаралар давомида томонлар 2027 йил июнигача мўлжалланган, кейинчалик узайтирилиши мумкин бўлган шартнома юзасидан оғзаки келишувга ҳам эришган. Бироқ Каннаваро якунда таклифни қабул қилмаган.
Бунга унинг Ўзбекистон терма жамоаси билан амалдаги шартномаси ҳам сабаб бўлган. Италия клубини бошқариш учун мураббий миллий жамоадаги мажбуриятларидан озод бўлиши талаб этиларди.
Хабар қилинишича, Паоло Каннаваро камида 2027 йилги Осиё кубогига қадар Фабио Каннаваронинг мураббийлар штабида фаолиятини давом эттиришни режалаштирмоқда.