Бугун 19 октябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

40 млн одам Жанубий Осиёдан кўчишга мажбур бўлиши мумкин

40 млн одам Жанубий Осиёдан кўчишга мажбур бўлиши мумкин

Иқлим ўзгариши Жанубий Осиёда одамларнинг турмуш тарзи ва даромад манбаларига хавф солмоқда. Оқибатда кўплаб аҳоли ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда ва бу кўрсаткич яқин келажакда 40 миллиондан ошиши мумкин. Бу ҳақда БМТ Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) раҳбари Эми Поуп маълум қилди.

Расмийнинг таъкидлашича, замонавий технологиялар ва ҳукуматларнинг ўз вақтида кўрадиган чоралари талафотларни камайтиришга ёрдам беради.

Нью Деҳлига ташрифида Эми Поуп денгиз сатҳининг кўтарилиши, сув тошқинлари ва қурғоқчилик одамларнинг уйлари ҳамда экин майдонларига жиддий зарар етказаётганини айтди. У мисол тариқасида 26 август куни Непалдаги фожиани келтирди. Ўшанда музликлар ва тоғ ўпирилиши оқибатида ҳалокатли сув тошқини юз берган эди. ХМТ бу ҳудудга инсонпарварлик ёрдамини юборган.

ХМТ ҳисоб-китобларига кўра, энг ёмон сценарий бўйича 2050 йилга бориб Жанубий Осиёда 40,5 миллионгача одам ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлиши мумкин.

“Одамлар озиқ-овқат етиштира олмаса ва чорва молларини боқа олмаса, уйини ташлаб кетиш эҳтимоли ортади. Иқлимга мослашишнинг биринчи чораси кўпинча кўчиб ўтиш бўлиб қолмоқда”, деди Поуп.

Шунингдек, иқлим ўзгариши Ҳиндистонда шаҳарлашув жараёнини тезлаштирмоқда. Одамлар жазирама иссиқдан қочиб, йирик шаҳарларга кўчиб ўтмоқда.

Жанубий Осиёда аҳоли сони жуда кўп, ресурслар эса чекланган. Шу сабабли бу ҳудудда хавф даражаси юқори ҳисобланади.

“Дунёда заиф жамоалар дуч келаётган хатарларга етарлича эътибор берилмаяпти. Гуманитар фожиадан кўриладиган зарар миллиардлаб долларни ташкил этади. Иқлимга мослашиш чораларига инвестиция киритиш эса бундан анча арзон тушади”, деб таъкидлади ХМТ раҳбари.

Эми Поупнинг сўзларига кўра, сунъий интеллект ва аниқ маълумотлар фожиа юз беришидан олдин хавф остида қолган ҳудудларни аниқлашга ёрдам беради. Об-ҳаво прогнозлари ва аҳоли турмуш тарзига оид маълумотларни бирлаштириш орқали ёрдамга муҳтож жамоаларни олдиндан аниқлаш мумкин.

Жанубий Осиё минтақасига қуйидаги давлатлар киради: Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Непал, Афғонистон, Шри Ланка, Бутан, Малдив ороллари

Киритилди: 02:30 18.10.2026. Ўқилди: 7772 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!