Бугун 21 ноябрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Ўзбекистонга “IntercityHotel Tashkent” янги халқаро меҳмонхона бренди кириб келди

Ўзбекистонга “IntercityHotel Tashkent” янги халқаро меҳмонхона бренди кириб келди

7 октябрь куни “Roadside by horrot” меҳмонхонасида “Valor Hospitality Partners” меҳмонхона бошқарув компанияси билан “Deutsche Hospitality” компаниялари ҳамкорлигида “IntercityHotel Tashkent” янги халқаро меҳмонхона бренди тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Туризм хизматларини сертификатлаш маркази директори Султон Хонбабаев, “Valor Hospitality Partners” таъсисчиси ва бошқарув ҳамкори Жулиен Бергуэ, “Deutsche Hospitality” вице-президенти Зигфрид Нирхаус, Hotel Pro компанияси асосчиси Дилшод Одилов, туризм соҳаси мутахассислари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

«Айни дамда юртимизга хорижлик сайёҳлар оқими тобора кўпаймоқда. Бу эса ўз навбатида меҳмонхоналар сонини янада оширишни талаб қилади. Шунинг учун ҳам туризмнинг бошқа соҳалари сингари меҳмонхоналар сонини кўпайтиришга ҳам катта эътибор қаратиляпти. “IntercityHotel Tashkent” брендининг Ўзбекистонга кириб келиши эса, албатта, қувонарли ҳодиса. Негаки, ушбу бренд замонавий меҳмонхона талабларига тўлиқ жавоб бера олади», Туризм хизматларини сертификатлаш маркази директори Султон Хонбабаев.

Тадбирда сўзга чиққан “Valor Hospitality Partners” таъсисчиси ва бошқарув ҳамкори Жулиен Бергуэ меҳмонхона қуришдан олдин Тошкентни ўрганиб чиққанини таъкидлади.

«Икки йил олдин Ўзбекистон аэропортидаги кутиш ҳолатлари мени бироз ранжитганди. Бугун эса бу каби муаммолар бартараф этилганининг гувоҳи бўлдим. Бунда эса, албатта, Туризм ва маданий мерос вазирлигининг ўрни катта. Меҳмонхона очишдан олдин Тошкентни айланиб чиқдим. Шаҳар аҳолисининг муомаласи, хатти-ҳаракатлари, яшаш тарзи менга жуда ёқди. Тошкент гўзал шаҳар, унинг гўзаллиги эса бағрикенг одамларидир. Тошкентдан ташқари Бухоро, Самарқанд, Фарғона вилоятларида туризм соҳасидаги янгиликларни ҳам ўргандим ва меҳмонхона қуриш учун яхши жой танлаганимга яна бир бор амин бўлдим. Айни дамда Бухорода ҳам янги меҳмонхоналар қуряпмиз. Биласизми, Ўзбекистон билан тўлиқ танишиб олганимдан кейин дўстларимга, хориждаги яқинларимга, албатта, бу мамлакатга келишларини тавсия қиляпман», деди “Valor Hospitality Partners” таъсисчиси ва бошқарув ҳамкори Жулиен Бергуэ.

Жулиен Бергуэ меҳмонхона соҳасида 20 йилдан ортиқ тажрибаси бор ва 40 дан ортиқ меҳмонхона қурган мутахассис сифатида бу галги лойиҳаси ҳам ўзини оқлашини ва Янги Ўзбекистоннинг бир бўлагига айланишига умид қилишини айтиб ўтди.

Қайд этилишича, “IntercityHotel Tashkent” меҳмонхонаси Тошкент шаҳрининг Миробод туманида жойлашган бўлиб, 2023 йилнинг 1-чорагида очилиши режалаштирилган. Меҳмонхона замонавий интерьерга эга 122 та номер, бизнес тадбирлар ёки форумларга мўлжалланган конференция зали, бассейн, спорт зали ва бошқа хизмат турларини қамраб олади.

Киритилди: 22:05 11.10.2022. Ўқилди: 2485 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!