Июлда банклараро тўлов операциялари сони 6,5 мингдан ошди. Айниқса, Андижон ва Сирдарёда сезиларли ўсиш кузатилди.
2025-йил июл ойида Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллиги индекси (ИФИ) кескин ошиб, 1159 бирликни ташкил этди. Бу кўрсаткич июн ойига нисбатан 15,9 фоиз, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса 14,3 фоиз ошган.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, ИФИ таркибидаги асосий йўналишлар ижобий динамикани кўрсатди. Ҳар бир бўлимни алоҳида таҳлил қиламиз:
Инфографика: Review.uz
Банк оператсиялари. Июл ойида банклараро тўлов оператсиялари 6 минг 501 тадан ошиб, июнга нисбатан 192,4 минг транзаксияга кўпайди (+3 фоиз). Ўсиш барча ҳудудларда кузатилди. Айниқса, Сирдайо (23,4 фоиз), Андижон (21,2 фоиз), Жиззах (14,8 фоиз) ва Бухоро (9 фоиз) вилоятларида сезиларли натижалар қайд этилди.
Товар-хом ашё биржаси. Ишбилармонлик индексининг биржа компоненти 1,3320 бирликни ташкил этди ва ой давомида 33,2 фоизга ўсди. Бу, аввало, ҳар бир битим ҳажмининг 38,2 фоизга ва битимлар сонининг 28,2 фоизга ошгани билан изоҳланади. Республика товар-хом ашё биржасида умумий савдо айланмаси 6,6 трлн сўмни ташкил этди, бу эса ойига нисбатан 2,8 фоиз юқори.
Хўжалик субъектлари фаоллиги. Июлда фаолият юритаётган хўжалик субъектлари сони 488 минг 584 тани ташкил этди, бу ўтган ойга нисбатан 1 минг 016 тага кам. Шунингдек, йирик тадбиркорлик субъектлари сони 22 тага ортиб, 3 971 тага етди.
Бироқ кичик корхоналар (-944 та) ва фермер хўжаликлари (-94 та) камайди. Аввалроқ, кичик бизнеслар ЯИМнинг 47,5 фоизини ташкил қилиши ҳақида маълум қилган эдик.
Брендларни рўйхатдан ўтказиш. Июл ойида савдо белгилари ва номларини ҳимоя қилиш бўйича индекс 51 фоизга ошди. Фақат бир ой ичида 468 та янги товар белгиси ва номи рўйхатдан ўтган.
Ҳудудлар кесимида ҳолат қандай?
Инфографика: Review.uz
Ишбилармонлар фаоллиги бўйича энг юқори кўрсаткични Бухоро вилояти қайд қилди. Ўтган ойга нисбатан қарийб 48 фоиз, йил ҳисобида эса 41,7 фоиз ўсиш кузатилган.
Бундан ташқари, Сурхондарё (42,8 фоиз), Наманган (35,4 фоиз) ва Самарқанд вилоятида (33,8 фоиз) ҳам юқори кўрсаткичларни қайд этди. Бироқ, Хоразм (-2,4 фоиз), Қорақалпоғистон (-2,2 фоиз) ва Сирдайо (-0,2 фоиз) ҳудудларида индекс бироз пасайди.