Бугун 2 ноябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Сиэтлда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликнинг янги имкониятлари муҳокама қилинди

Сиэтлда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликнинг янги имкониятлари муҳокама қилинди

30 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Вашингтон штатидаги Бош консулхонасида Сунъий интеллект (СИ) соҳасидаги ҳамкорлик бўйича халқаро форум бўлиб ўтди. Тадбир Бош консулхона, Америка–Ўзбекистон бизнес ва инвестиция кенгаши, IT Park Uzbekistan ҳамда Жаҳон рақамли технологиялар академияси (WDTA) томонидан ташкил этилди.

Тадбир технология соҳаси, университетлар, инвестиция ҳамжамияти ва давлат ҳокимияти органларининг қарийб 60 нафар вакилини бирлаштирди. Улар қаторида Microsoft ва Meta мутахассислари, Гарвард, Вашингтон ва Шимоли-Шарқий университетлари, Сиэтл маъмурияти ҳамда инновацион компаниялар вакиллари иштирок этди. Форум «Seattle AI Week» доирасида ўтказилиб, ҳафталик дастурининг якуний тадбири бўлди.

Ўзбекистон–АҚШ технологик шериклигининг истиқболлари, кадрлар тайёрлаш, стартапларни ривожлантириш, инвестициялар жалб этиш ва амалий СИ ечимларини жорий қилиш масалалари диққат марказида бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг маслаҳатчиси, Америка–Ўзбекистон бизнес ва инвестиция кенгаши Котибияти раҳбари Нозима Давлетова мамлакатнинг рақамли ривожланиш соҳасидаги стратегик устуворликларини тақдим этди. У Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ишбилармонлик ҳамда инвестиция алоқалари жадал ривожланаётганини, шунингдек, икки мамлакатдаги манфаатдор ташкилотларнинг амалий ташаббусларини қўллаб-қувватлашда Кенгашнинг имкониятларини таъкидлади.

Бош консул Аҳрор Бурхонов Ўзбекистоннинг АҚШ Тинч океани шимоли-ғарбий минтақаси билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш имкониятларига эътибор қаратди. Бош консулхонанинг минтақадаги технологик компаниялар, университетлар ва тадбиркорлик ҳамжамиятлари билан бевосита алоқалар ўрнатишга кўмаклашишга тайёрлиги билдирилди.

IT Park Uzbekistan вакили Руслан Яппаровнинг тақдимотида миллий IT экотизимининг ривожланиши ва халқаро ҳамкорлар билан ўзаро алоқалар имкониятлари ёритилди. Етакчи СИ компаниялари иштирокида ёшларни ўқитиш, ҳисоблаш инфратузилмасини ривожлантириш ва ўзбек стартапларини хорижий бозорларга олиб чиқиш устувор йўналишлар сифатида белгиланди.

WDTA ижрочи раиси Ел Ли Ўзбекистоннинг Марказий Осиёни АҚШнинг илғор инновацион экотизимлари билан боғловчи технологик марказ сифатидаги салоҳиятини қайд этди. У билим алмашиш, сунъий интеллектни масъулиятли ривожлантириш ва маълумотларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратди.

Пермирнинг катта маслаҳатчиси, Microsoft компаниясининг дастурий таъминот ишлаб чиқувчилар йўналишининг собиқ президенти Жулия Люсон замонавий СИ воситаларидан фойдаланиш имконияти, таълим дастурларини янгилаш ҳамда тажрибавий ишланмалардан уларни амалда қўллашга ўтишнинг аҳамиятини таъкидлади.

Сиэтл шаҳрининг технологиялар бўйича бош директори Шеннон Смит муниципал хизматларни такомиллаштириш, қурилиш билан боғлиқ тартиб-таомилларни соддалаштириш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини оширишда СИдан фойдаланиш тажрибасини тақдим этди. Сиэтл ва Тошкент ўртасида рақамли шаҳар бошқаруви соҳасида тажриба алмашиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Панель муҳокамаларида иштирокчилар университет инкубаторларини ривожлантириш, стартаплар учун устозлик дастурларини йўлга қўйиш ва бизнеснинг реал вазифаларига мос мутахассислар тайёрлаш масалаларини кўриб чиқди. Агротехнологиялар, сув тежовчи технологиялар, тил хизматлари ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтирувчи ечимлар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида қайд этилди.

Форум якунида Ўзбекистоннинг Вашингтон штатидаги Бош консулхонаси ва WDTA технологиялар ҳамда сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Ҳужжат тажриба алмашиш, университетлар, компаниялар ва давлат муассасалари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон иштирокида таълим ташаббуслари ва синов лойиҳаларини ўрганишни назарда тутади. СИдан масъулиятли фойдаланиш, киберхавфсизлик ва маълумотларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган.

Киритилди: Бугун 12:21. Ўқилди: 167 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!