Украина президенти Владимир Зеленский Киев Москва назорати остида бўлган ҳудудлардан воз кечмаслигини маълум қилди.
Украина етакчиси бу ҳақда Туркияга ташрифи доирасида CNN Türk телеканалига берган интервьюсида айтди.
«Биз Россиянинг вақтинчалик оккупацияси остида бўлган Қримни ҳам ўз ичига олган шарқий ҳудудларимиз унга тегишли эканини тан ола олмаймиз. Бу бизнинг ғуруримиз, жамиятимиз иродаси ва Конституциямизга зиддир.
Россия буни истамоқда ва турли воситачилар орқали бизга етказишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ бу соғлом ва оқилона ёндашув эмас. Шу сабабли бизнинг устувор вазифамиз — мавжуд фронт чизиғида ўт очишни тўхтатишни таъминлаш, шундан сўнг бошқа масалаларни муҳокама қилиш», — деди Украина президенти.
Унинг сўзларига кўра, Украина-Россия тинчлик жараёни доирасида режалаштирилган учрашув кун тартибидан энергетика, денгизда ўт очишни тўхтатиш ва асирлар алмашинуви каби масалалар ўрин олади.
Етакчилар саммитининг асосий кун тартиби эса шартсиз ва тўлиқ ўт очишни тўхтатишни таъминлаш, шунингдек, кучли мониторинг механизми орқали унга риоя этилишини назорат қилишдан иборат бўлади.
«Бу тинчлик сари дипломатик қадам бўлади.
Ўт очишни тўхтатишга эришиш — бир масала. Шундан кейин мониторинг қандай амалга оширилиши, жараён қандай назорат қилиниши ва ким назорат қилиши — алоҳида масала. Кейин эса урушни якунлашга олиб борувчи йўл харитаси ишлаб чиқилади.
Хавфсизлик кафолатлари ҳам жуда муҳим. Сўнгги вақтларда Россия ҳам хавфсизлик кафолатларини исташини билдирмоқда. Аммо ҳужумга учраган томон биз бўлдик. Хавфсизлик кафолатларига муҳтож томон — биз. Шунга қарамай, Москва ҳам бу масалани кўтармоқда. Бундай ҳолатда барча томонлар буни муҳокама қилишга тайёр», — деди Зеленский.
Эслатиб ўтамиз, Зеленский Россия президенти Владимир Путин билан Туркияда учрашишга тайёрлигини ҳам маълум қилган эди.