Путин Зеленский билан музокаралардан ҳеч қачон бош тортмаган.
Россия президенти Владимир Путин Украина президенти Владимир Зеленский билан музокаралар ўтказишдан бош тортмаган.
Бу ҳақда Россия раҳбари ёрдамчиси Юрий Ушаков «Вести» ахборот дастури учун берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, агар Украина президенти қўнғироқ қилса, Россия президенти унга жавоб беради.
«Менимча, албатта, жавоб беради. Путин ҳеч қачон суҳбатлашишдан бош тортмаган», — дея таъкидлаган Ушаков.
Унинг фикрича, Зеленский Россия раҳбари билан суҳбатлашиш учун Москвага келиши мумкин. Ушаковнинг айтишича, Украина сиёсатчисидан турли каналлар орқали мулоқотга тайёрлик ҳақида сигналлар келмоқда. У Путин Зеленский билан алоқалардан ҳеч қачон бош тортмаганини яна бир бор таъкидлаган.
Ушаков, шунингдек, можарони ҳал қилиш бўйича дастлабки учрашувлар Россия, АҚШ ва Украина иштирокида ўтказилиши кераклигини қайд этган. Кейинчалик Москва Европа давлатларини ҳам мулоқотга жалб этиш имкониятини кўриб чиқишга тайёр.
Аввалроқ Украина президенти ҳудудий масалани Россия раҳбарияти билан муҳокама қилишга тайёрлигини билдирган эди. Ушбу мавзуни фақат Путин билан муҳокама қилишга тайёрлигини, бошқа масалалар эса техник гуруҳлар даражасида кўриб чиқилишини айтган.