Бугун 30 октябрь, 2026 йил, жума

O'ZB

17 ёшли қиз ўлдирилиши 52 йилдан кейин фош этилди: унинг ота-онаси ҳақиқатни билмай вафот этди

17 ёшли қиз ўлдирилиши 52 йилдан кейин фош этилди: унинг ота-онаси ҳақиқатни билмай вафот этди

АҚШнинг Юта штатидаги Парк-Сити шаҳрида 17 ёшли Мелисса Энн Смитнинг ўлдирилиши орадан роппа-роса 52 йил ўтиб фош этилди. Маълум бўлишича, жиноятни 1970-йилларда АҚШда қатор қотилликларни содир этиб, аҳолини даҳшатга солган машҳур маньяк Тед Банди амалга оширган. Энди унинг жиноятлари рўйхатига яна бир қотиллик қўшилмоқда.

1974 йил 27 октябрь куни овчи Солт-Лейк округидаги ўрмонзор ҳудуддан Мелисса Энн Смитнинг жасадини топган. 2026 йил 27 октябрь куни эса терговчилар Парк-Ситида ўтказилган матбуот анжуманида ишни тергов қилишда муҳим натижага эришилганини эълон қилишди.

Маълумотларга кўра, ўнлаб йиллар давомида очилмаган ҳолда қолган жиноятни фош этишга ДНК экспертизаси ёрдам берган.

«Суд-тиббиёт экспертизаси ҳар куни ривожланиб бормоқда. Шу сабабли биз бундай ишларни қайта кўриб чиқишда давом этяпмиз. Ушбу иш далилларни ҳатто ўнлаб йиллар ўтганидан кейин ҳам сақлаш қанчалик муҳимлигини кўрсатади», — деди шериф Рози Ривера.

Унинг сўзларига кўра, ҳар бир очилмаган жиноятнинг фош этилиши уларни «Тед Банди хотирасини ўчириш» мақсадига яқинлаштиради.

Маълумки, 1970-йилларда Банди ўнлаб аёл ва қизларни зўрлаган ҳамда ўлдирган. У Флорида штати университетидаги «Чи Омега» талабалар бирлашмаси уйида икки аёлни ўлдиргани учун ўлим жазосига ҳукм қилинган. 1989 йилда электр стулида қатл этилишидан олдин у турли штатларда содир этган 30 дан ортиқ қотилликка иқрор бўлган. ДНК таҳлили усулларининг ривожланиши унинг вафотидан ўнлаб йиллар ўтгач ҳам янги жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш имконини бермоқда.

Терговчилар 17 ёшли Мелисса Энн Смитнинг ўлдирилиши бўйича ишни Бандининг бошқа қурбони билан боғлиқ муҳим далилларни аниқлаш орқали очишга муваффақ бўлишган. Уларнинг таъкидлашича, ҳар икки ҳолатда жиноятчининг ҳаракатларида ҳайратланарли ўхшашликлар кузатилган. Бу эса охир-оқибат терговда муҳим бурилиш ясаган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳалок бўлган қизининг яқин қариндошлари билан боғланишга ҳаракат қилишган, бироқ уларнинг ҳеч бири бу ҳудудда яшамаслиги маълум бўлган. Мелиссанинг ота-онаси эса аллақачон вафот этган.

Киритилди: Бугун 10:40. Ўқилди: 1121 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!