Бугун 18 март, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги Ёшлар креатив шаҳарчасига ташриф буюрди​​​​​​​

Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги Ёшлар креатив шаҳарчасига ташриф буюрди​​​​​​​

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни Самарқандга келди.

Давлатимиз раҳбари вилоятга ташрифини Самарқанд шаҳридаги Ёшлар креатив парки билан танишишдан бошлади.

Бугунги кунда шаҳар кенгайиб, йирик мегаполисга айланиб бормоқда. Кейинги йилларда бу ерда янги аҳоли турар жойлари, ижтимоий соҳа объектлари ташкил этилди, аҳоли сони анча ошди. Табиийки, бундай шароитда шаҳарда яшил майдонларни кўпайтириш, янги боғ ва хиёбонлар, аҳоли дам олиш масканлари яратишга эҳтиёж ошади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятда ҳар йили 16 миллион тупдан ортиқ дарахт кўчатлари экилмоқда. Жорий йил баҳорги мавсумда ҳам 6,3 миллион туп мевали ва манзарали дарахт, бута кўчатлари ўтқазиш режалаштирилиб, айни пайтда вилоятнинг барча ҳудудларида бу жараён давом этмоқда.

Ўзбекистон кўчасида жойлашган собиқ ҳарбий госпиталь ўрнидаги 5,4 гектар майдонда ҳам 70 миллиард сўмдан ортиқ ҳомийлик маблағлари ҳисобидан Ёшлар креатив парки ташкил этилди.
Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги Ёшлар креатив шаҳарчасига ташриф буюрди​​​​​​​

Бу ерда маданий мерос объектлари рўйхатига олинган 5 та бино ва иншоот бўлиб, эндиликда улардан ёшлар учун замонавий ва рақамли кутубхона, кўп тармоқли ўқув маркази, креатив тўгараклар, сунъий интеллект, 3D моделлаштириш, робототехника ва киберспорт ўйинлари марказлари сифатида фойдаланилади. Ахборот-ресурс маркази, спорт заллари, ер ости экомузейи ташкил этилди.

Ёшлар креатив парки, айниқса, йигит-қизлар учун нафақат дам олиш маскани, балки ахборот технологиялари соҳаси ва спорт билан шуғулланиш, стартап лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай жой бўлади.

Вилоят шахмат федерацияси ҳам янги боғда жойлашган. Федерация томонидан бу ерда ўқув-машғулот йиғинлари, мусобақалар ўтказиш имконияти мавжуд.

Боғда болалар аттракционлари, фитнесс заллари, стол теннис зали, теннис кортлари, воркаут ва мини гольф майдонлари барпо этилган. Ҳудудда Нуронийлар маскани, ўндан ортиқ айвончалар қурилган.

Президентимиз дастлаб «Profi deutsch» немис тилини ўқитиш ва имтиҳон маркази фаолияти билан танишди.
Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги Ёшлар креатив шаҳарчасига ташриф буюрди​​​​​​​

Ушбу лойиҳанинг муҳим жиҳати «Telc» имтиҳон маркази Марказий Осиёда илк бор Самарқанд шаҳрида иш бошлаяпти. Марказда ёшлар немис тилини ўрганиб, халқаро «Telc» сертификатини олади. Сертификат соҳиблари Германияда дуал касбий таълимда ўқишини давом эттиради, бандлиги таъминланади. Жорий йилда бундай имтиҳон марказини мамлакатимизнинг яна бешта ҳудудида очиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбарига «Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари» лойиҳаси бўйича қилинаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Лойиҳа доирасида 8-11 синф ўқувчиларига рақамли технологиялар ва хорижий тиллар чуқур ўргатилади. Ўқувни муваффақиятли якунлаганларга махсус сертификат берилади.

Шунингдек, «Алоқа банк» ва Миллий банк консультатив марказининг тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган ёшларга имтиёзли кредит ажратиш, стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича ишлари, Ёшлар ишлари ишлари агентлигининг «Ибрат фарзандлари», «Мутолаа», «Қизлар академияси» лойиҳалари билан танишилди.

Давлатимиз раҳбари ёшлар билан мулоқот қилди, уларнинг лойиҳалари билан танишди. Жумладан, «Zamin» халқаро жамоат фонди томонидан амалга оширилаётган «Eco-schools Uzbekistan» лойиҳасида иштирок этаётган ёш экофаоллар 2026 йил учун режалари ҳақида сўзлаб бердилар.

– Янги Ўзбекистонда юқори технологияли ишлаб чиқариш корхоналарни барпо этяпмиз, юқори даромадли иш жойлари очиляпти. Биз буни сизларга – билимли ёшларга ишониб қиляпмиз. Бунинг учун ҳар дақиқангиз келажагингиз учун хизмат қилсин, дўстингиз китоб бўлсин. Бирор билимни чуқур эгаллаш ва тўғри йўлни топиш учун инсонга диққат, сабр-тоқат, иштиёқ керак. Мана шу иштиёқингиз сўнмасин. Сизлар бераётган таклифлар бизнинг ислоҳотларимиз ғоясига мос, мен ҳар қандай таклиф ва ташаббусларингизни қўллаб-қувватлашга тайёрман, – деди Президентимиз.

Самарқанд шаҳрида бундай замонавий таълим ва дам олиш масканларини кўпайтириш бўйича масъулларга топшириқ берилди.

Киритилди: Бугун 13:55. Ўқилди: 485 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!