Германия Федерал разведка хизмати раҳбари Мартин Егер мамлакатнинг Россия билан тўғридан-тўғри қуролли тўқнашувга аралашиб қолиш хавфи ошгани ҳақида огоҳлантирди.
Егер парламент назорат қўмитасидаги очиқ эшитувларда Россия билан қарама-қаршилик янги ва хавфли босқичга ўтганини таъкидлаган.
Унинг айтишича, ҳозирда Германия учун бошқа ҳеч бир давлатдан Россия каби «тўғридан-тўғри, кенг қамровли ва аниқ таҳдид» келмаяпти.
Разведка раҳбари Россия махсус хизматлари Европада юқори даражада профессионал ҳаракат қилаётганини ва янги диверсиялар хавфи сақланиб қолаётганини билдирди. Унинг таъкидлашича, Москва Германия ва бошқа Европа пойтахтларида Россия манфаатларига зид сиёсий қарорлар қабул қилинишига йўл қўймасликка интилаётган бўлиши мумкин.
Егер Россия Германияга қарши «соядаги уруш» олиб бораётганини таъкидлади. Унинг фикрича, ушбу қарама-қаршилик анъанавий ҳарбий ёки ҳуқуқий тушунчалар доирасига тўлиқ сиғмайди.
Шу билан бирга, Германия разведкаси ҳозирча Россия томонидан НАТОга қарши кенг кўламли тўғридан-тўғри ҳарбий ҳужум тайёрланаётгани белгиларини кўрмаяпти.
Бироқ Егер Болтиқбўйи давлатларида Россия томонидан «паст интенсивликдаги ҳарбий фаоллик» эҳтимолига тайёр туриш зарурлигини айтди.
«Биз қўрқитишга уринишлар ва кейинги аралашувларга тайёр бўлишимиз керак. Эҳтимол, яна ядровий таҳдидлар ҳам бўлади», — деди Германия разведкаси раҳбари.