АҚШ президенти Дональд Трамп 5 октябрь куни Россияда ўпка чумаси билан боғлиқ ҳолат ҳақидаги хабарлар Вашингтон томонидан диққат билан кузатилаётганини маълум қилди.
Трамп Оқ уйда журналистларга берган баёнотида АҚШ бу ҳолатдан яқинда хабар топганини ва зарурат туғилса, Россияга ёрдам беришини айтди.
«Биз бу ҳолатни диққат билан кузатяпмиз. Бу ҳақда ҳозиргина хабар топдик», — деди Трамп.
Унинг таъкидлашича, замонавий даврда айрим микроб ва бактериялар кучайган бўлиши мумкин ва АҚШ зарур ҳолатда ёрдам кўрсатишга тайёр.
Аввалроқ АҚШ Давлат департаменти ҳам Россиянинг Иркутск вилоятида ўпка чумаси гумони билан боғлиқ ўлим ҳолати ҳақидаги хабарларни АҚШ касалликларни назорат қилиш ва профилактика маркази (CDC) ҳамда бошқа идоралар билан биргаликда кузатаётганини маълум қилган.
Россия расмийлари эса марҳумада келиб чиқиши аниқланмаган пневмония ташхиси қўйилганини билдирган. Шунингдек, Иркутскдаги чумага қарши илмий-тадқиқот институтида ҳеч қандай фавқулодда ҳолат қайд этилмагани маълум қилинган.
Ҳозирча Россияда ўпка чумаси тарқалаётгани ҳақида расмий тасдиқланган маълумот мавжуд эмас.