Бугун 8 февраль, 2025 йил, шанба

O'ZB

Мирзиёев Ариповга муҳим топшириқ берди

Мирзиёев Ариповга муҳим топшириқ берди

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповга икки ой муддатда Ўзбекистонда атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш, хусусан, саноат корхоналари ва иссиқхоналарда босқичма-босқич чанг-газ ва локал сув тозалаш иншоотларини ўрнатиш бўйича дастурни тасдиқлаш ва ижросини қатъий назоратга олиш топширилди. Бу ҳақда кеча, 7 февраль куни чиқарилган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент фармонида сўз боради.

Фармонга кўра, атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш бўйича I ва II тоифаларга мансуб корхоналарнинг экологик ишлаб чиқаришга ўтишдаги ҳаракатларини рағбатлантириш мақсадида 2025 йил 1 августдан бошлаб қуйидаги тартиб жорий этилади:

а) биринчи босқичда – атмосфера ҳавоси ифлосланиши фон мониторинги станцияларини ўрнатган корхоналарга:

табиатга зарар етказиш бўйича компенсация тўловларидан шаклланган қарздорликдан воз кечиш;
табиатга зарар етказиш бўйича республика бюджетига йўналтириладиган компенсация тўловларининг 50 фоизигача бўлган қисмини икки йил давомида қайтариш;
б) иккинчи босқичда – мониторинг станцияларини ўрнатган корхона келгуси бир йил давомида чанг-газ ва локал сув тозалаш ускуналарини ўрнатганда, табиатга зарар етказиш бўйича республика бюджетига йўналтириладиган компенсация тўловларининг 70 фоизигача бўлган қисмини икки йил давомида қайтариш белгиланган.

Бунда мазкур бандда назарда тутилган имтиёзлар давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан бериладиган хулоса асосида тақдим этилади;
в) 2025 йил 1 ноябрга қадар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан хўжалик фаолиятини юритувчи корхона ва ташкилотлар томонидан етказилган экологик зарарларни мажбурий суғурталаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

“Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов икки ой муддатда республикада атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш, хусусан, саноат корхоналари ва иссиқхоналарда чанг-газ ва локал сув тозалаш ускуналарини босқичма-босқич ўрнатиш бўйича дастурни тасдиқласин ва унинг ижро этилишини қатъий назоратга олсин”, дейилади фармонда.

Ҳужжатга кўра, мазкур фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгиланган. Фармон ижросини мунтазам равишда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси зиммасига юкланган. Амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритиб борилиши белгиланган.

Киритилди: Бугун 15:41. Ўқилди: 1812 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!