Экологларга кўра, бу чемпионат атмосферага 9 млн тонна СО2 чиқариши мумкин.
2026 йили АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати экология учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Британиянинг «Scientists for Global Responsibility» ташкилоти экологлари ЖЧ-2026 «иқлим учун энг ҳалокатли мусобақа» бўлиши мумкинлигини маълум қилди.
Тадқиқотларга кўра, чемпионат вақтида 9 млн тоннадан зиёд карбонат ангидрид (СО2) эквиваленти атмосферага чиқарилади. Бу 2022 йил Қатардаги Жаҳон чемпионатида қайд этилган 5,25 млн тоннали кўрсаткичдан анча юқори. Ҳисоб-китобларга қараганда, турнирда иштирок этувчи 48 мамлакатнинг делегациялари ва томошабинларининг узоқ масофаларга сафарлари бу ҳолатга асосий сабаб бўлади.
FIFAнинг янги форматида иштирокчилар сони 32 дан 48 тага ошган. Бу мусобақа билан боғлиқ транспорт ҳаракатларини кўпайтириб, умумий эмиссия ҳажмини оширади. Шу сабабли, 2026 йилги мундиал аллақачон «тарихдаги энг ифлослантирувчи чемпионат» сифатида тилга олинмоқда.
Ўзбекистон ҳам мусобақада қатнашадиган мамлакатлар орасида. Ундан ташқари Австралия, Япония, Иордания, Жанубий Корея, Эрон, Аргентина, Бразилия, Эквадор ва Янги Зеландия каби давлатлар иштирокини кафолатлаган.
Экологлар 2030 йилги мусобақа олти давлат ва учта қитъада бўлиб ўтиши мумкинлигидан ҳам ташвиш билдиришмоқда. Бу келгуси мусобақаларда экологик хавф янада ортиришини англатади.