Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мирзатилла Холмедов Ўзбекистон давлат сатира театрига директор этиб тайинланди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар берди. Қайд этилишича, кеча, 8 июль куни Маданият вазирнинг биринчи ўринбосари Авазхон Тожихонов Ўзбекистон давлат сатира театрида ташкилий ва ижодий масалалар юзасидан йиғилиш ўтказган. Йиғилишда театрда саҳналаштирилган спектаклларнинг савияси, томошабинларни жалб этиш, маҳаллий ва халқаро гастролларни ташкил этиш каби масалаларга алоҳида тўхталиб ўтган. Шунингдек, йиғилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг тегишли буйруғи билан Ўзбекистон давлат сатира театри директори лавозимига тайинланган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мирзатилла Нигматуллаевич Холмедовни жамоага таништирган. Маълумот ўрнида, Мирзатилла Холмедов тайинловга қадар “Ўзбекконцерт” давлат муассасасида сўз устаси бўлиб фаолият олиб бораётган эди.