Қозоғистон ҳукумати Қизил китобга киритилган, аммо эндиликда кўпайиб кетган «сайғоқлар сонини мувофиқлаштириш»га қарор қилди.
Экология ва табиат ресурслари вазири Ерлан Нисанбаев айтишича, бу ҳайвонларнинг тахминан 20 фоизи ёки 800 минг бошга яқин сайғоқ, юмшоқ қилиб айтганда, «популяциядан олинади», индаллоси — отилади. Сабаби — сайғоқлар сони 3,9 млн бошга етган — бу тарихий энг юқори кўрсаткичлардан уч карра кўп. Бунчалик юқори суръатда кўпайиш сайғоқлар келажагини хавф остига қўймоқда, чунки уларнинг популяцияси учун Қозоғистон ва ҳатто қўшни Россия ерлари ҳам торлик қилиши мумкин.
Мамлакат ҳудудида сайғоқларни отиш кампанияси 30 ноябргача давом этади.
Қозоғистон ҳудудида яшовчи уч турдаги сайғоқлар орасида, мораторий қўлланган йилларда урал (2,3 млн) ва бетпақдала (1,6 млн) сайғоқлари сони айниқса кўпайиб кетган.
«Экологик парадокс қаршисида қолдик: сайғоқларни асраш бўйича муваффақият уларнинг ўзига ва келажагига хавф туғдирмоқда, тезда чора кўришимиз лозим», — деди Қозоғистон фан ва олий таълим қўмитаси Зоология институти териология лабораторияси мудири Алексей Грачёв.