Бугун 24 октябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

Газ таъминотидаги қонунбузилишлар: республика бўйлаб ўтказилган рейдлар натижаси

Газ таъминотидаги қонунбузилишлар: республика бўйлаб ўтказилган рейдлар натижаси

Жорий куз-қиш мавсумида мамлакатимизда табиий газ тармоқларига уланмаган ҳудудлар аҳолисини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 12 сентябрдаги «Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан соҳани ислоҳ қилиш, газ ресурсларидан самарали фойдаланиш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмлари белгилаб берилган.

Лекин, халқ манфаатидан кўра шахсий манфаатини устун қўйган айрим соҳа ходимлари баъзи фуқаролар билан тил бириктириб, давлат томонидан ажратилган газ баллонларини асоссиз равишда қиммат нархларда сотиб, даромад топишга уринишмоқда.

Ана шундай салбий ҳолатларга чек қўйиш ҳамда давлат томонидан кўрсатилаётган ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг манзиллилиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда «Ўзенергоинспекция» ходимлари томонидан жойларда рейд тадбирлари ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 19–21 октябрь кунлари республика бўйича 120 дан ортиқ ҳолат фош этилиб, шундан 39 та ҳолатда газ идоралари ходимларининг бевосита алоқадорликлари аниқланди. Тадбирлар давомида ноқонуний муомалада бўлган 3 мингдан зиёд газ баллонлари ва уларда сақланаётган 13 636 кг суюлтирилган газ маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинди.

Хусусан, Жиззах вилоятида жами 9 та ҳолатда 239 та газ баллони сотиш мақсадида ноқонуний сақлаб келинаётганлиги фош бўлди. Жумладан, муқаддам Зомин тумангаз таъминот бўлимида юқори лавозимлардан бирида ишлаган шахс ўзининг қариндошига тегишли хонадонда 152 та газ баллонини яширинча сақлаб келган. Қўшни Сирдарё вилоятида ҳам шу каби ҳолатлар аниқланиб, биргина Ховос тумангаз бўлими мансабдорларидан бирининг уйидан ҳеч бир ҳужжатларсиз сақланаётган 30 дона газ баллони олинди.

Самарқанд вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Ургут тумангаз тўлдириш шохобчаси қоровули газ билан тўлдирилган 3 дона баллонни 2,5 млн сўмга сотаётган вақтида қўлга олинди. Вилоятнинг Пастдарғом туманида яшовчи, 1972 йилда туғилган фуқаронинг хонадони кўздан кечирилганда эса, ушбу манзилда газ билан тўлдирилган 22 та баллон борлиги маълум бўлди. Аниқланишича, у газ баллонларини тумангаз бўлими ҳайдовчисидан 70 минг сўмдан сотиб олиб, фуқароларга 100 минг сўмдан сотиш билан шуғулланган.

Фарғона вилоятида ҳам ҳамкорликдаги рейд тадбирлари ўтказилиб, Қўштепа тумангаз бўлими муҳандиси ҳамда чилангари аҳоли учун мўлжалланган 8 та газ баллонларини ўз яшаш хонадонларида ноқонуний сотиш мақсадида сақлаб келаётганликлари фош этилди.

Мамлакатимизнинг жанубий минтақаси ҳисобланган Сурхондарё вилоятида ўтказилган рейд тадбирларида ноқонуний сақловда бўлган жами 65 та газ баллони тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди. Жумладан, Бандихон туманида яшовчи 39 ёшли фуқаро тумангаз бўлими ҳайдовчисидан 70 минг сўмдан сотиб олган 32 та газ баллонини истеъмолчиларга қиммат нархларда сотиб, мўмай даромад топмоқчи бўлган.

Навоий вилоятининг Хатирчи тумангаз бўлими ҳайдовчисининг уйидан ҳам жами 26 та газ баллони процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Бу каби ноқонуний ҳолатлар Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Наманган ва бошқа вилоятларда ҳам аниқланди.

Таъкидлаш лозим, ушбу йўналишдаги рейд тадбирлари Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа мутасадди идоралар ҳамкорлигида мунтазам равишда ўтказиб борилади ҳамда қонунбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади.

Ҳурматли фуқаролар, аҳоли учун мўлжалланган суюлтирилган газ билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларга дуч келсангиз, Давлат хавфсизлик хизмати Call-марказининг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.

Киритилди: 17:46 23.10.2026. Ўқилди: 445 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!