Бойитилган уран Эроннинг миллий бойлиги ҳисобланади ва ички эҳтиёжлар учун мўлжалланган. Шу сабабли Теҳрон уни мамлакат ташқарисига олиб чиқишга рози бўлмайди.
Бу ҳақда Эрон Ислом Республикаси Олий миллий хавфсизлик кенгаши котиби Муҳсин Ризоий Al Mayadeen телеканалига берган интервьюсида маълум қилган.
«Биз Эрондан бойитилган ядровий материалнинг ҳатто заррачаси ҳам олиб чиқилишига йўл қўймаймиз», — дея таъкидлаган Ризоий.
Унинг қайд этишича, Эрон ҳукумати Россиянинг ташаббусига жавобан бойитилган уранни мамлакат ҳудудида сақлаб қолиш ҳақидаги қарорини аввалроқ Москвага маълум қилган.
«Биз россиялик дўстларимизга бойитилган уран Эронда қолишини ва ундан ўзимиз фойдаланишимизни маълум қилдик», — деган Ризоий.
Олий миллий хавфсизлик кенгаши котибининг тушунтиришича, ядровий ёқилғи лойиҳалаштирилаётган атом кемалари ва сувости кемалари учун керак бўлади.
Шунингдек, у АҚШни огоҳлантириб, Эронга қарши янги ҳужум амалга оширилса, бунга Америка ҳарбийларининг узоқда жойлашган базаларига зарбалар билан жавоб қайтарилишини билдирган.
Ризоий интервью давомида АҚШнинг Қатарда музокаралар олиб борилаётгани ҳақидаги даъволарини ҳам рад этиб, уларни «мутлақ ёлғон» деб атаган.
У аввал билдирган позициясини такрорлаб, Вашингтон Эроннинг еттита шартини бажармагунча АҚШ билан мулоқот олиб бориш имконсизлигини таъкидлаган. Ушбу шартлар қаторига барча фронтларда урушни тўхтатиш, музлатилган маблағларни қайтариш ва денгиз блокадасини бекор қилиш киради.