АҚШ армияси қоровуллик хизмати ҳарбий хизматчиси Ветеранлар куни муносабати билан ўтказилган маросимдан кейин Пентагон раҳбари Пит Хегсетнинг хулқ-атворини танқид қилди. Вазир Номаълум аскар қабри ёнида баланд овозда суҳбатлашиб, кулган. Қоровул унга танбеҳ берган.
Бу ҳақда CNN телеканали маълум қилинган.
Пит Хегсет Ветеранлар куни муносабати билан Арлингтон миллий қабристонида ўтказилган маросимдан сўнг рафиқаси Женнифер, аппарат раҳбари, аппарат раҳбари ўринбосари ва катта маслаҳатчиси билан бирга қабр олдида туриб суратга тушган. Суратга тушиш якунланганидан кейин гуруҳ аъзоларининг айримлари кулиб, баланд овозда суҳбатлашган.
Шундан сўнг АҚШ армияси қоровули Хегсетга танбеҳ бериб, унинг хатти-ҳаракатлари мутлақо номақбул эканини таъкидлаган.
«Барча ташриф буюрувчилар ҳар доим сукунат ва ҳурмат муҳитини сақлашлари шарт», — деган қоровул.
Номаълум аскар қабри АҚШдаги энг муқаддас ҳарбий ёдгорликлардан бири ҳисобланади. У Биринчи жаҳон урушида ҳалок бўлган, шахси аниқланмаган аскарнинг сўнгги манзили сифатида қадрланади.