Эрон Қуролли кучларининг марказий штаби — “Хатам ал-Анбия” маълумотига кўра, 6 март куни Баҳрайндаги АҚШ ҳарбий базасига ҳужум уюштирилди. Бу ҳақда Эрон давлат радио ва телевидениеси хабар берди.
Хабарда айтилишича, ҳужум оқибатида кўплаб одамлар ҳалок бўлган ва яраланган.
Аввалроқ Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси Форс кўрфази ва Ҳурмуз бўғозида учта АҚШ ва Британия танкерига ракеталар билан ҳужум қилинганини маълум қилган эди. Уларнинг билдиришича, кемаларда ёнғинлар келиб чиққан.
Шунингдек, Эрон USS Abraham Lincoln авианосецига тўртта баллистик ракета учирилганини ҳам маълум қилди. АҚШ ҳарбийлари эса бу маълумотни рад этиб, ракеталар нишонга тегмагани ва кемага яқинлашмаганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 28 февраль куни Исроил АҚШ билан биргаликда Эрон ҳудудига бир қатор ҳаво ҳужумларини амалга оширган эди. Эрон ОАВ маълумотига кўра, портлашлар юқори лавозимли амалдорлар уйлари яқинида содир бўлган, тинч аҳоли орасида ҳам қурбонлар бўлган. Биринчи куннинг ўзида ҳалок бўлганлар сони 200 нафардан ошган.
Шундан сўнг Эрон Қатар, Қувайт, БАА, Баҳрайн ва Иорданиядаги АҚШ базаларига, шунингдек Исроилнинг Тел-Авив ва Ҳайфа шаҳарларига ҳужум қилган. Ҳужумларда ракеталар ва дронлар, жумладан гипертовушли “Фаттоҳ” ракетаси қўллангани айтилмоқда.
The Wall Street Journal нашрига кўра, бу ҳужумлар кўлами ва бир вақтда амалга оширилган зарбалар сони жиҳатидан мисли кўрилмаган даражада бўлган.