Бугун 29 апрель, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

14 ёшли қизга шилқимлик қилган ППХ ходими ишдан олинди. ИИВ ҳолатни текширмоқда

14 ёшли қизга шилқимлик қилган ППХ ходими ишдан олинди. ИИВ ҳолатни текширмоқда

Ижтимоий тармоқларда ППХ ходими вояга етмаган қизларни тоғли ҳудудга олиб бориб, уларга тегажоғлик қилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Қизнинг қариндошлари тарқатган маълумотларга кўра, воқеа 28 апрел куни кечда Оҳангарон шаҳрида содир бўлган.

“27 апрел куни соат 21:00 ларда дугоналарим билан уй олдидаги ўриндиқда ўтиргандик. Олдимизга Spark келиб тўхтади ва машинага ўтиришимизни айтди. Мен рад этдим. Лекин у қўпол равишда ўтиришимни буюрди. Уни ички ишлар ходими, менга ҳеч нарса қилмайди деб ўйлагандим”, деган қиз.

Унинг қўшимча қилишича, шундан сўнг ходим уларни “аллақандай тоғли ҳудудга” олиб борган. Кейин машинани тўхтатиб, уларга шилқимлик қила бошлаган. Шундан сўнг қизлардан бирининг акаси геолокация орқали ўша ерга етиб борган.

Қизнинг акаси автомобилнинг давлат рақами 10 R077MB бўлганини, рулда эса ППХ ходими ўтирганини айтган.

“ППХ ходими 14 ёшли синглим билан тунги соат 1:00 да тоғда, машина ичида бўлган. Нима билан шуғулланганини билмайман. Ёрдам беришингизни, бу воқеани кенг оммага ёйишингизни сўрайман. Бу ақлга сиғмайдиган ҳолат”, деган у.

Шунингдек, қизнинг акаси видео ва телефон суҳбатини ёзиб олганини, эркак унга таҳдид қилаётганини билдирган.

ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ҳолат юзасидан муносабат билдирди. Унга кўра, тарқалган хабарлар юзасидан ИИВ Ўз хавфсизлиги бўлинмаси ҳамда прокуратура томонидан биргаликда текширув олиб борилмоқда.

“Воқеа иштирокчилари ва тафсилотлари аниқланган. Ходим хизмат вазифасини бажаришдан четлатилган. Баён этилган фактлар тасдиқланган тақдирда, унинг хатти-ҳаракатларига қатъий ҳуқуқий баҳо берилади. Ҳатто жиноий жавобгарликка тортишгача чора кўрилади”, дейилади муносабатда.

Текширув натижалари ҳақида қўшимча маълумот берилиши билдирилди. Шунингдек, департамент фуқаролардан фақат расмий маълумотларга таянишни сўраган.

Киритилди: Бугун 11:50. Ўқилди: 535 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!