Бугун 26 апрель, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Самарқандда икки нафар қиз васийси томонидан жисмоний ва руҳий зўравонликка учради

Самарқандда икки нафар қиз васийси томонидан жисмоний ва руҳий зўравонликка учради

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида вояга етмаган икки нафар қизга нисбатан вақтинча васий бўлган аёл томонидан жисмоний ва руҳий зўравонлик ҳолати содир этилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани муносабат билдирди.

Аниқланишича, жорий йилнинг 21 апрель куни вилоятнинг Тойлоқ туманида истиқомат қилувчи фуқаро М.С. вақтинча васийлигида бўлган вояга етмаган қизлар Б.Д. (2019 йилда туғилган) ва Б.М. (2017 йилда туғилган)нинг ҳозирда хорижда бўлган онаси Д.М.дан пул ундириш мақсадида турли шаклдаги тазйиқ ўтказиб, болаларга нисбатан жисмоний ва руҳий зўравонлик ҳаракатларини содир этиб, буни видеога олган.

Қайд этилишича, омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили жойига чиққан тарзда ҳолатни ўрганиб, болаларни ҳимоялаш юзасидан зарурий тезкор чораларни кўрган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан туман ИИБ терговга қадар текширув олиб борилмоқда, туман васийлик органи — «Инсон» маркази масъуллари томонидан М.С. васийликдан четлатилган. Болаларга етказилган тан жароҳати даражасини аниқлаш юзасидан суд-тиббиёт экспертиза тайинланган.

Шунингдек, Болалар омбудсмани минтақавий вакили томонидан вояга етмаган қизларнинг руҳий барқарорлигини таъминлаш мақсадида психолог жалб қилинган. Қизлар тумандаги оилавий болалар уйига жойлаштирилган ҳамда яшаш ҳудудига яқин мактаб ва мактабгача таълим ташкилотига расмийлаштирилиб, болаларнинг хавфсиз оилавий муҳитга ва таълим олишга бўлган ҳуқуқлари тикланган.

Билдирилишича, айни пайтда хориждаги қонуний вакил — болаларнинг онасининг ўз мажбуриятларини бажариши даражаси ўрганилмоқда.

«Болалар омбудсмани мазкур вазиятда бола манфаатларини таъминлаш нуқтаи назаридан ўз кузатувини давом эттиради», дейилади хабарда.

Киритилди: Бугун 14:05. Ўқилди: 443 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!