Буюк Британия қатор Африка мамлакатлари, шунингдек Сурия ва Афғонистонга тўғридан-тўғри иқтисодий ёрдам ҳажмини сезиларли даражада камайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Financial Times хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, Британиянинг Африка ва бошқа давлатлардаги дастурларга ажратадиган умумий ёрдам ҳажми 43 фоизга қисқаради.
Хусусан, 2024–2025 молия йилида 3,14 млрд фунт стерлингни, яъни тахминан 4,24 млрд долларни ташкил этган маблағ 2028–2029 молия йилига келиб 1,79 млрд фунтга — тахминан 2,42 млрд долларга туширилиши режалаштирилган.
Қисқартириш айрим Африка мамлакатларига айниқса кучли таъсир кўрсатади. Сьерра-Леонега ажратиладиган ёрдам 83 фоизга, Сомалига 49 фоизга, Жанубий Суданга эса 46 фоизга камайиши кутилмоқда.
Шунингдек, Сурияга бериладиган иқтисодий ёрдам ҳажми 55 фоизга, Афғонистонга ажратиладиган маблағ эса 39 фоизга қисқаради.