Украина етакчиси Владимир Зеленский АҚШ президентининг Римдаги махсус вакили Кейт Келлог билан Вашингтоннинг Киевга ҳарбий ёрдами тафсилотларини муҳокама қилди.
Бу ҳақда Украина президенти Х ижтимоий тармоғида маълум қилган.
"Биз қурол-яроғ етказиб бериш ва ҳаво мудофаасини кучайтиришни муҳокама қилдик. Россия ҳужумлари сони ортиб бораётганини ҳисобга олсак, бу бизнинг устувор вазифаларимиздан бири бўлиб қолмоқда. Шунингдек, Америка қуролларини харид қилиш, мудофаа маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқариш ва Украинада ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалаларини ҳам муҳокама қилдик", деб ёзди Зеленский.
Унинг сўзларига кўра, учрашув давомида Россия Федерациясига нисбатан санкциялар бўйича босим масаласи ҳам муҳокама қилинган.
"Биз Россия энергетика ресурсларига чекловларни кучайтириш зарурлигини тушунамиз, айниқса, Россия нефтини харидорларга нисбатан иккиламчи санкцияларни. Биз АҚШ Конгрессида сенаторлар Грэм ва Блюментал таклиф қилган қонун лойиҳасини кўриб чиқишда муваффақиятга эришишга умид қиламиз. Бу, албатта, Россияни тинчлик ҳақида ўйлашга ундаши мумкин", - дея таъкидлади Украина раҳбари.
У, шунингдек, АҚШ президенти Дональд Трампга, “ҳар икки томон ва бутун Америка халқи кўрсатган қўллаб-қувватлаши ва ёрдами учун” миннатдорчилик билдирди.