2026 йилдан бошлаб Россияда мигрантлар учун бир қатор янги чекловлар жорий этилади. Россия бош вазири Михаил Мишустин имзолаган қарорга кўра, улар алкоголь ва тамаки савдосида ишлай олмайди, шунингдек қурилиш соҳасида уларнинг улуши ҳам камайтирилади.
Янги қоидаларга мувофиқ:
➖ иш берувчилар хорижий мутахассислар сонини ҳудудий ва тармоқ бўйича белгиланган лимитларга мослаштириши шарт;
➖ бозорлар ва кўчма савдо нуқталарида чакана савдога хорижий фуқаролар жалб этилиши тақиқланади;
➖ дорихоналарда дори воситалари савдосида ҳам чет элликлар ишлай олмайди;
➖ йўловчи ва юк ташиш соҳаларида мигрантлар улуши умумий ишчи кучининг 24%дан ошмаслиги керак;
➖ қурилишда уларнинг улуши 80%дан 50%га, сабзавот етиштиришда 50%дан 40%га, ўрмон хўжалиги ва ёғоч қайта ишлашда ҳам 50%дан 40%га камайтирилади.
Агар компанияда мигрантлар улуши белгиланган лимитдан ошса, иш берувчи ходимлар билан шартномаларни бекор қилиши ёки маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Мансабдор шахсларга 45–50 минг рубль, юридик шахсларга 800 минг рублдан 1 миллион рубльгача жарима ёки 14–90 кун фаолиятни тўхтатиш жазоси белгиланади.