Япония Яқин Шарқдаги вазият туфайли нефть етказиб бериш хавфи ортиши муносабати билан Осиё мамлакатларига 10 миллиард доллар миқдорида молиявий ёрдам кўрсатишини маълум қилди, деб хабар беради Kyodo.
Қарор минтақа мамлакатлари, жумладан, Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (АСЕАН) аъзо давлатлари иштирокида онлайн учрашувдан сўнг маълум қилинди. Ажратилган маблағлар энергия таъминоти занжирини мустаҳкамлашга йўналтирилади. Хусусан, нефть ва нефть маҳсулотларини сотиб олиш учун кредитлар бериш, шунингдек, стратегик захираларни кўпайтириш чоралари кўриляпти.
Токио маълумотларига кўра, ушбу ёрдам миқдори тахминан 1,2 миллиард баррель нефтга тенг, бу АСЕАН мамлакатлари томонидан бир йиллик импортга тенг.
Санаэ Такаичининг сўзларига кўра, Япония иқтисодиёти Осиё бозорлари билан чамбарчас боғлиқ, шунинг учун минтақада нефть таъминотидаги ҳар қандай узилишлар мамлакат саноати ва ижтимоий секторига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳўрмуз бўғози атрофидаги вазият алоҳида ташвиш уйғотмоқда. Бу йўналишдаги таъминотдаги узилишлар нефть нархларининг ошишига олиб келди, импортга қарам Осиё мамлакатларига босимни кучайтирди.
Молиявий ёрдам, жумладан, Япония халқаро ҳамкорлик банки орқали кўрсатилади. Шунингдек, дастур миллий нефть захираларидан тўғридан-тўғри таъминотни кўзда тутмаслиги ва мамлакатнинг ички энергия хавфсизлигига таъсир қилмаслиги тушунтирилди.