Украина президенти CBS телеканалининг Face the Nation дастурига берган интервьюсида жанговар майдонда мамлакат учун қулай бўлган вазиятдан фойдаланиб, Россия билан тинчлик музокараларини бошлашга интилишини айтди.
"2025 йилнинг декабридан Россия жанг майдонидаги ташаббусни қўлдан бой бера бошлади. Мен бу маълумотларни америкалик ҳамкорларимиз билан бўлишдим. Уларга январда музокаралар учун имкониятлар ойнаси очилганини айтдим, чунки ҳар ой улар кўпроқ одам йўқотмоқда ва шу сабабли жанг майдонидаги ташаббусни ҳам бой бермоқда", – дея таъкидлади Зеленский.
"Энди эса улар бизга оммавий ракета зарбалари билан ҳужум қилишни бошлашди ва яна қайтараман, буни қилишларига асосий сабаб улар жанг майдонида мағлуб бўлаётганидир. Россияликлар бир ой ичида йўқотаётган ҳудудларидан кўра кўпроқ ҳудудни эгаллай олишмади. Шу боис, ҳозир бизда қишгача бўлган вақт оралиғи бор", — дея қўшимча қилди у.
Вашингтондаги Урушни ўрганиш институти (ISW) ҳақиқатан ҳам март ойида Москва назоратидаги Украина ҳудуди майдони ошмаганини, апрел ойида эса ҳатто қисқарганини қайд этишган. Кузатувчилар Россия қўшинларининг йўқотишлари ортиб бораётганини, бунга асосан Киевнинг дронлар сони ва жанговар имкониятлари бўйича эришган устунлиги сабаб бўлаётганини таъкидламоқда. Ҳатто россиялик уруш тарафдори бўлган шарҳловчилар ва блогерлар ҳам шунга ўхшаш баҳоларни беришган.
"Қишгача биз дипломатик йўлни топишимиз, улар билан ўтириб гаплашиб олишимиз керак", — деди Зеленский.