Бугун 2 июнь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Ўзбекистонда 4000 йил олдин бош суягида операция қилинган бола қолдиқлари топилди

Ўзбекистонда 4000 йил олдин бош суягида операция қилинган бола қолдиқлари топилди

Италиялик ва ўзбекистонлик археологлар Сурхондарёдаги қадимий Жарқўтон манзилгоҳида 4000 йиллик қабрни ўрганди. Қабрдан икки боланинг қолдиқлари топилган, улардан бирининг бош суягида қадимий жарроҳлик амалиёти излари аниқланган. Бу ҳақда Италия ТИВ сайтида эълон қилинган Саленто университети археологлари хабарида маълум қилинди.

Олимларнинг фикрича, бу Марказий Осиёда ҳужжатлаштирилган энг қадимги трепанация ҳолати бўлиши мумкин. Трепанация — бош суягида махсус тешик очиш билан боғлиқ қадимий жарроҳлик амалиёти ҳисобланади.

Қазилма ишлари Саленто университетидан Энрико Аскалоне ва Термиз давлат университетидан Алишер Шайдуллаев бошчилигидаги Италия–Ўзбекистон археологик экспедицияси томонидан олиб борилган.

Жарқўтон Окс цивилизацияси, яъни Бақтрия-Марғиёна археологик мажмуасига оид йирик бронза даври ёдгорликларидан бири ҳисобланади. Манзилгоҳ ҳудудида қалъа, сарой, ибодатхона ва турар жойлар қолдиқлари аниқланган.

Археологлар топган қабрда тахминан уч ва беш ёшли икки бола бирга дафн этилган. Мутахассислар ҳисобича, қабрнинг ёши тахминан 4000 йилга тенг.

Тадқиқотчилардан бири топилмани Жарқўтоннинг яна бир кутилмаган сирларидан бири деб атаган.

Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиёда 4000 йил аввал боланинг бош суягида бундай амалиёт ўтказилганини тасаввур қилиш қийин эди, аммо энди бу маълумот археологик далиллар билан тасдиқланмоқда.

Олимлар бундай операция нима мақсадда қилинганини ҳозирча аниқ билмайди. У даволаш, оғриқни енгиллатиш ёки маросимий сабаблар билан боғлиқ бўлган бўлиши мумкин. Кейинги тадқиқотлар бу саволларга аниқроқ жавоб бериши кутилмоқда.

Киритилди: Бугун 15:11. Ўқилди: 467 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!