Бугун 2 июнь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Самарқанднинг Пахтачи туманида 4 киши сувда чўкиб кетди

Самарқанднинг Пахтачи туманида 4 киши сувда чўкиб кетди

Маълум бўлишича, бахтсиз ҳодиса 31 май куни кечга яқин туманнинг Украч маҳалласида содир бўлган. Ушбу маҳаллада яшовчи 42 ёшли эркак сотиб олган янги электроциклига айлантириб келиш мақсадида болаларни миндирган. Бироқ эҳтиётсизлиги оқибатида электроцикл каналга тушиб кетган.

Электроциклда жами 8 киши бўлган: эр-хотин, уларнинг 3 фарзанди ҳамда яна 3 бола. Эркак канал бўйида олдинга ҳайдайман дея тушунмасдан ортга ҳайдаб юборган. Шунда электроцикл Нарпай каналига қулаган”, дейди ҳодиса гувоҳларидан бири.

Ҳодиса оқибатида 3, 6, 9 ва 10 ёшли болалар ҳалок бўлган. Маҳалла одамлари кечаси билан болаларнинг мурдасини излашган. 3 нафарининг мурдаси ўша куни, бириники эса 1 июн куни эрталаб топилган.

Вафот этганларнинг иккиси эркакнинг ўз фарзандлари, қолган иккиси эса қўшни болалар бўлгани айтилмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳодиса юзасидан расмий маълумот берди. Унга кўра, қутқарувчилар воқеа жойига етиб борган вақтда каналга тушиб кетган 8 нафар фуқародан 4 нафари аҳоли томонидан қутқариб қолингани маълум бўлган. Шундан сўнг зудлик билан сувда кенг кўламли қидирув-қутқарув ишлари олиб борилган. Қутқарувчилар ва аҳоли ёрдамида олиб борилган сувда қидирув ишлари давомида ҳалок бўлган болалар каналдан олиб чиқилган.
Қайд этилишича, ҳозирда воқеа жойида Пахтачи тумани прокуратураси, ИИБ, ФВБ томонидан ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Киритилди: Бугун 13:11. Ўқилди: 413 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!