Қирғизистон носни бутунлай тақиқлашни, алкогол ва тамаки маҳсулотларини сотиб олишга 21 ёш чекловини жорий этишни режалаштирмоқда
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси фармойиши билан мамлакатнинг 2040 йилгача бўлган демографик сиёсат концепциясини амалга оширишнинг биринчи босқичи бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Мазкур ҳужжат 2026−2030 йилларни қамраб олади.
Унга кўра, мамлакатда умр кўриш давомийлигини 2024 йилдаги 72,1 ёшдан 2030 йилга келиб 75 ёшгача ошириш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, 2026 йил охиригача алкогол, тамаки ва никотинли маҳсулотларни сотиб олиш учун 21 ёш чекловини жорий этиш, алкоголни тунги вақтда ҳамда интернет орқали сотишни чеклаш ва носвой (нос) ишлаб чиқариш ва тарқатишни тўлиқ тақиқлаш режа қилиняпти.