Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги, “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши ҳамда Япониянинг “Onodera User Run” ва “Willer Group” компаниялари ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.
Ушбу меморандумнинг мақсади Ўзбекистонда ҳайдовчилик ва автомобилларга техник хизмат кўрсатиш соҳаларида профессионал кўникмаларга эга кадрларни тайёрлаш ҳамда уларни Японияга вақтинча ишлаш учун юбориш бўйича уч томонлама ҳамкорлик қилишдан иборат.
Ҳамкорлик шартларига кўра, “Ватанпарвар” ташкилоти ўқув муассасаларида Японияда ишлаш истагида бўлган фуқаролар енгил, тиркамали ва йўловчи ташувчи автотранспорт воситалари ҳайдовчиси, кара юк ортучи транспорт бошқарувчиси ҳамда автослесарь мутахассисликларига тайёрланади. Миграция агентлиги, ўз навбатида, тайёрланган кадрларнинг кунчиқар мамлакатга юборилишини таъминлайди.
Япония томони лойиҳасига кўра, Сирдарё вилоятида ҳайдовчиларни тайёрлаш ва тилга ўқитишга ихтисослашган ўқув маркази ҳамда автодроми ташкил этилади. Мазкур марказда дастлабки босқичда 100 нафар, кейинги йиллар давомида 1000 нафаргача фуқаролар ўқитилиб, ушбу мамлакатга ишга юборилади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг сентябрь ойида “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши ва Миграция агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, ушбу меморандумнинг асосий мақсади хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган мамлакатимиз фуқароларини шартнома асосида хорижий меҳнат бозорида талаб этилган мутахассисликлар бўйича ўқитиш ҳисобланади. Шунингдек, ушбу ҳужжатда ўқиш давомида фуқароларда ватанпарварлик туйғусини кенг тарғиб этиш ва уларда ватан туйғуси сифатларини ривожлантириш белгилаб қўйилган.