Бугун 3 ноябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Ўзбекистонда ноқонуний сотилган иситиш қозони сабаб 18 киши вафот этди

Ўзбекистонда ноқонуний сотилган иситиш қозони сабаб 18 киши вафот этди

Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Германиянинг «Vaillant» русумли, табиий газда ишлайдиган икки контурли иситиш ускуналаридан фойдаланиш билан боғлиқ хавфлар ҳақида аҳолини огоҳлантирди.

ФВБ маълумотида келтирилишича, 25 октябрь куни Фарғона туманининг Чимён қишлоғида бир оиладан етти киши, шу куни Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида содир бўлган ҳодисаларда яна етти киши, 1 ноябрь куни Қўқон шаҳрида эса беш киши ис газидан заҳарланиб вафот этган.

Бошқарма маълумотида айтилишича, мазкур русумдаги айрим иситиш ускуналари Германиядан эҳтиёт қисмлар сифатида ноқонуний йўллар билан Ўзбекистонга олиб кирилган. Улар қайта жиҳозланиб, гўё янги ҳолатга келтирилган ва фуқароларга сотилган.

Шунингдек, ускуналар Германияда ишлаб чиқарилган асл дудбуронларисиз олиб кирилгани, уларнинг ўрнига юқори ҳарорат таъсирида эриб кетиши мумкин бўлган канализация учун мўлжалланган полиэтилен қувурлар ўрнатилгани билдирилган.

Бошқарма таъкидлашича, ускунанинг ҳаво тортиш қувурлари ўзбошимчалик билан мато ёки бошқа буюмлар билан тўсиб қўйилиши ҳам хавфли. Бундай ҳолатда кислород етишмаслиги туфайли газ чала ёниб, ис гази ажралиб чиқиши мумкин.

Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси фуқароларни иситиш ускуналаридан фойдаланишда эҳтиёт бўлишга чақирди. Агар хонадонда мазкур камчиликларга эга иситиш ускунаси ўрнатилган бўлса, уни ишлатмаслик ва кечиктирмасдан мутахассисларга мурожаат қилиш лозим.

Бошқарма, шунингдек, бошқа иситиш ускуналарини ҳам хонадонга ўрнатишдан олдин уларнинг сифат сертификати, фойдаланиш йўриқномаси, хавфсизлик талаблари ва ишлатишга яроқлилигини мутахассислар иштирокида текшириш зарурлигини таъкидлади.

ФВВБ фуқароларни ўз ҳаёти ва оиласи хавфсизлигига бефарқ бўлмасликка чақирди.

Киритилди: Бугун 15:40. Ўқилди: 600 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!