Президентнинг 2026 йил 28 октябрдаги ПФ–236-сон фармонига мувофиқ, электр энергияси ва табиий газ учун компенсация тайинлашда оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад мезони 1 072 500 сўмдан 1 430 000 сўмга оширилди.
Аризани «Барака» иловаси, my.gov.uz портали, Давлат хизматлари марказлари, «Инсон» марказлари ёки маҳалладаги ижтимоий ходим орқали топшириш мумкин.
Оиланинг даромади, мулкий ҳолати ва энергия истеъмоли ҳақидаги маълумотлар электрон тизимлар орқали текширилади. Компенсация тасдиқланса, маблағ кейинги ойнинг 27-санасига қадар ижтимоий ёки банк картасига ўтказилади.
16-санадан кейин топширилган аризалар навбатдаги ойда кўриб чиқилади. Ариза бир марта берилади, кейинги ойларда маълумотлар автоматик текшириб борилади.