Бугун 14 ноябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

Ўзбекистонда “Маданий яқинликдан сиёсий иттифоқдошликка: Озарбайжон–Ўзбекистон муносабатларида умумий ўзликнинг роли” мавзусида маҳорат дарслари ва семинарлар ўтказилди

Ўзбекистонда “Маданий яқинликдан сиёсий иттифоқдошликка: Озарбайжон–Ўзбекистон муносабатларида умумий ўзликнинг роли” мавзусида маҳорат дарслари ва семинарлар ўтказилди

Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Элчихонаси тасарруфидаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият марказининг “Маданият лабораторияси” лойиҳаси доирасида озарбайжонлик олима, Анқара Ҳожи Байрам Вели университети доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Марзия Маммадли томонидан Ўзбекистоннинг бир қатор олий таълим муассасаларида “Маданий яқинликдан сиёсий иттифоқдошликка: Озарбайжон–Ўзбекистон муносабатларида умумий ўзликнинг роли” мавзусида маҳорат дарслари ва семинарлар ўтказилди.

Семинарлар Озарбайжон Маданият маркази ташаббуси билан Тошкент давлат шарқшунослик университети, Бухоро давлат университети ҳамда Самарқанд давлат иқтисодиёт ва сервис институтида ташкил этилган Озарбайжоншунослик марказларида ўтказилди.

“Муштарак меросимизни ўрганиш” йўналиши доирасида ўтказилган семинарларда озарбайжон ва ўзбек халқларини бирлаштирувчи умумий тарихий илдизлар, маънавий қадриятлар ҳамда маданий яқинлик масалалари муҳокама қилинди.

Доцент Марзия Маммадли ўз чиқишларида Озарбайжон–Ўзбекистон муносабатларининг умумий тарихий мерос, бой маънавий қадриятлар ва маданий яқинликка асосланган қардошлик хусусиятини алоҳида таъкидлади. У асрлар давомида шаклланиб, авлоддан авлодга ўтиб келаётган бу боғлиқлик халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаётганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, умумий тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ва ўрганиш икки мамлакат ўртасидаги абадий дўстлик ҳамда стратегик шериклик муносабатларининг янада ривожланишига муҳим ҳисса қўшади.

Интерактив муҳокамалар шароитида ўтган тадбирларда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди, мавзуга оид тақдимотлар намойиш этилди.

Киритилди: 20:50 13.11.2026. Ўқилди: 315 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар