Украинада SpaceX компанияси томонидан ишлаб чиқилган Starshield ҳарбий сунъий йўлдош алоқа тизимидаги техник муаммолар сабаб учувчисиз учиш аппаратлари иштирокидаги режалаштирилган ҳарбий амалиётлар барбод бўлгани хабар қилинмоқда.
Axios нашри Украина расмийларига таяниб ёзишича, алоқа билан боғлиқ носозликлар сўнгги уч кун давомида тобора кучайиб борган.
Хусусан, дастлабки куни муаммо дронлар иштирокидаги амалиётларнинг 10 фоизига таъсир кўрсатган. Иккинчи куни бу кўрсаткич 50 фоизга етган, учинчи куни эса режалаштирилган барча миссиялар амалга ошмай қолган.
Украинанинг АҚШдаги муваққат ишлар вакили Денис Сеникнинг маълум қилишича, Starshield тизими дронлар тезлиги соатига тахминан 160 километрга етганида алоқани мажбуран узмоқда.
Бу ҳолат Украинага Россиянинг зарбдор дронларини тутиб олиш учун мўлжалланган учувчисиз аппаратлардан фойдаланиш имконини бермаяпти. Алоқа узилиши оқибатида дрон-тутиб олувчилар нишонга етиб бора олмаяпти.
Дипломатнинг таъкидлашича, Украина томони ҳозиргача SpaceX раҳбарияти ёки АҚШ Мудофаа вазирлигидан юзага келган вазият бўйича расмий тушунтириш олмаган.
Бироқ Илон Маскка тегишли SpaceX компанияси мазкур муаммоларга алоқадор эканини қатъиян рад этди. Компания журналистларга йўллаган жавобида Starshield тизимига янги чекловлар киритилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини ва унинг ишлаш параметрлари ўзгартирилмаганини билдирди.
Мазкур вазият АҚШ Конгрессида ҳам жиддий хавотир уйғотди. Конгрессдаги Украинани қўллаб-қувватловчи икки партия вакилларидан иборат гуруҳ алоқа тезлиги пасайгани ҳақидаги хабарлардан ташвишда эканини маълум қилди.
Қонун чиқарувчилар Дональд Трамп маъмурияти ва SpaceX компаниясидан ҳодиса сабаблари юзасидан тўлиқ ҳисобот тақдим этишни талаб қилмоқда.