Бугун 19 май, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Ўзбекистонда 2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажми 2 баробарга оширилади

Ўзбекистонда 2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажми 2 баробарга оширилади

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти таҳлилига кўра, 2017-2023 йилларда Ўзбекистонда ЯИМ ишлаб чиқариш ҳажми 137,3 фоизга ошиб, 2023 йилда 1066,6 триллион сўмни ташкил этган.

Мамлакатимизнинг 8 та ҳудуди, жумладан, Тошкент шаҳри, Наманган, Тошкент, Андижон, Фарғона, Навоий, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида маҳаллий табиий-иқтисодий салоҳиятдан самарали фойдаланиш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига ялпи ҳудудий маҳсулотнинг жадал ўсиши таъминланди.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари Элнора Якубова пандемиядан кейинги даврда Андижон, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилоятларида қисқа муддатда иқтисодий ривожланишда барқарорлик таъминланганини таъкидлади.

– Хусусан, Андижон, Навоий, Сирдарё вилоятларида ЯҲМ ўсишини таъминлашда саноат сектори сезиларли аҳамиятга эга бўлди. Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Бухоро вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида ЯҲМ ўсишини таъминлашда хизмат кўрсатиш соҳаси етакчи тармоқ сифатида қайд этилди. ЯИМнинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган ҳажми 2023 йилда 29,3 миллион сўмни ташкил этиб, иқтисодий ривожланган ҳудудларнинг мавқеи мустаҳкамланди. Бу Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳамда республика кўрсаткичлари ўртасидаги фарқ ошганлигида намоён бўлди. 2017-2023 йилларда мамлакатнинг иқтисодий ривожланган ҳудудларини ҳисобга олмаган ҳолда, 6 та ҳудудда (Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Хоразм вилоятлари) ЯҲМнинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган улуши ўртача республика кўрсаткичига (Тошкент шаҳри, Навоий ва Тошкент вилоятлари бундан мустасно) яқинлашди, – деди Э.Якубова.

Таъкидлаш керакки, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида «драйвер» соҳаларни ривожлантириш ва ҳудудлар салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш кўзда тутилган. 2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини 2 баробар ошириш ва «даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар» қаторига кириш режалаштирилган. Бунда асосан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ривожлантиришга эътибор қаратилади.

Киритилди: 15:34 25.04.2024. Ўқилди: 668 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!