Бирлашган Араб Амирлигида мушкул аҳволда қолган икки нафар ўзбекистонлик Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган сайёҳлик компанияси вакилларининг алдовларига ишониб Умра амалларини адо этиш учун Саудия Арабистони томон йўлга чиққан кекса ёшли Т.Н. ва унинг ўғли Т.Б. Дубайда қолдириб кетилган.
Улар фирибгарнинг тузоғига илинганликларини англаб, Бош консулликка Ўзбекистонга қайтиш учун авиа чипта ҳамда меҳмонхона харажатларини қоплаш юзасидан мурожаат қилган.
Дипломатлар ва ватандошлар кўмагида ёрдамга муҳтож ҳамюртларга Дубай – Тошкент йўналиши бўйича авиа чипта сотиб олинган ва меҳмонхона пуллари тўлаб берилган.
Улар 3 ноябрь куни Ўзбекистонга кузатиб қўйилди.