Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Украинада Европа тинчликпарвар кучларини жойлаштириш масаласига муносабат билдирди.
У ABC News телеканалига берган интервьюсида Москва "бундай ғояни қабул қилмаслигини" маълум қилди.
"Йўқ, биз бунга йўл қўя олмаймиз", - деди у.
Бундан олдин Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украинада НАТО давлатлари тинчликпарвар кучларининг бўлишини мамлакат учун "таҳдид" деб атаган эди. У "Россия томони бунга ҳеч қандай шароитда рози бўлмаслигини" алоҳида таъкидлади.
Буюк Британия мудофаа штаби бошлиғи адмирал Тони Радакин Украинага юбориш учун 64 минг кишилик кучларни шакллантириш таклифини берди. Бироқ Европа мудофаа вазирлари учрашувларда бундай контингентни йиғиш имконсиз эканлигини ва ҳатто 25 минг аскарни ҳам сафарбар қилиш сезиларли даражада умумий саъй-ҳаракатларни талаб этишини айтишди.