“Ҳаж – 2025” мавсумида ҳожиларга 14 нафар мингбоши, 303 нафар элликбоши хизмат қилиши маълум бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабар берди.
Маълум қилинишича, 7 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров раислигида “Ҳаж – 2025” мавсумида ҳожиларга хизмат кўрсатадиган элликбошилар иштирокида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида муфтий элликбошиларни ушбу масъулиятли вазифага тайинлангани билан табриклаб, жорий йилда ҳожиларга хизмат кўрсатиш учун 14 нафар мингбоши, 303 нафар элликбоши, шунингдек, ишчи гуруҳи, шифокорлар ва ошпазлар жалб қилингани ҳақида маълумот берди.
Муфтий элликбошилар ва гуруҳ раҳбарларига ҳаж амалларини тўғри тушунтириш, янги фиқҳий масалалардан хабардор бўлиш, Фатво маркази томонидан эълон қилинаётган муҳим фатволарни ҳожиларга етказиш каби масалаларга жиддий эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.
Йиғилиш давомида ҳожилар учун мўлжалланган махсус Call-марказ ва Telegram-бот ишга туширилгани, Мадина шаҳрида ҳожиларга махсус бейжик-битоқа тақдим этилиши ва уларни доимо тақиб юришлари лозимлиги ҳақида ахборот берилди.
“Ҳаж амалини бажараётган кишига кўмак берган, унинг оғирини енгил қилган инсон улуғ ажру савобларга ноил бўлади, иншоаллоҳ. Шу боис ҳар бир элликбоши ана шундай улуғ даражаларни мақсад қилиб, Раҳмоннинг меҳмонларига Ўзи рози бўладиган даражада сидқидилдан хизмат қилиши лозим”, дейди Нуриддин Холиқназаров.
Йиғилишда Макка ва Мадинадаги ишчи гуруҳлар фаолияти, зиёратчиларнинг ибодатлари учун яратилаётган шарт-шароитлар, авиақатновлар жадвали, меҳмонхоналар тайёргарлиги, Мино, Арафот ва Муздалифадаги жойларнинг ҳолати хусусида ҳам ахборот берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Обиджон Қодиров ва Шифокорлар гуруҳи раҳбари Алишер Саатов ташкилий ишлар, тиббий хизмат, ҳужжатлар, жамоавий интизом, хавфсизлик ва огоҳлик масалаларида муҳим тавсияларни берди.
Тадбир якунида йилги ҳаж мавсумининг муваффақиятли ўтиши учун дуолар қилинди.