Politico нашрининг дипломатик манбаларга таяниб хабар беришича, Украина ва Молдованинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши бўйича биринчи музокаралар кластери 15 июнь куни очилиши мумкин.
Нашр маълумотига кўра, Люксембургда ўтказилиши режалаштирилган ҳукуматлараро конференцияда аъзолик музокараларининг биринчи босқичини бошлаш масаласи кўриб чиқилади.
Манбаларнинг таъкидлашича, Венгрия Киевнинг Европа Иттифоқига қўшилишига қарши бўлиб келган позициясини юмшатган, бу эса Украина ва Молдова учун расмий музокараларни бошлаш имкониятини яратмоқда.
Бироқ Венгрия расмийлари мазкур масала бўйича ҳали якуний қарор қабул қилинмаганини ва томонлар ўртасида тўлиқ келишувга эришилмаганини билдирган.
Маълум қилинишича, Европа Иттифоқи элчилари Украина томонидан тақдим этиладиган ички ислоҳотлар режаси ҳамда миллий озчиликлар ҳуқуқларига оид таклифлар билан танишгач, ўз позицияларини шакллантиради.
Европа Иттифоқига аъзолик музокараларини бошлаш учун ташкилотга аъзо барча 27 давлатнинг бир овоздан розилиги талаб этилади. Шу боис ҳар қандай давлат жараённинг исталган босқичида музокараларни тўхтатиб туриш имкониятига эга.