Россия Мудофаа вазирлиги 2024-йил августидан буён Украина Қуролли кучлари назоратида бўлган Курск вилоятидаги Суджа шаҳри қўлга олинганини расман эълон қилди. Матбуот хабарида, шунингдек, Россия бўлинмалари Меловая ва Подол аҳоли пунктларини эгаллаб олгани айтилган.
Бир кун аввал Россия каналлари Суджа марказидаги россиялик ҳарбийларнинг суратлари ва видеоларини чоп этди. Чоршанба куни кечқурун Россия президенти Владимир Путин Курск вилоятидаги қўмондонлик штабларидан бирига ташриф буюргани маълум бўлди.
Украина президенти Владимир Зеленский вазиятни изоҳлар экан, “Украина ҳарбий қўмондонлиги ўзи қилиши керак бўлган ишни қилмоқда: аскарларимиз ҳаётини максимал даражада сақлаб қолиш”.
Украина Қуролли кучлари Бош қўмондони Александр Сирский Украина қўшинлари “Курск вилоятида мудофаани мақсадга мувофиқ ва зарур бўлган вақтгача ушлаб туришини” таъкидлади.
Россия армиясининг Курск вилоятидаги қарши ҳужуми ҳақида жума куни хабар берилди. Шу билан бирга, Украина бўлинмаларини қамал қилиш хавфи ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Украина 2024-йил август ойида Курск вилоятига ҳужум бошлади, Суджа ва бир қатор чегарадош аҳоли пунктларини эгаллаб олди. Киев бу операциядан мақсад тинчлик музокараларида бўлажак алмашиш учун ҳудудни қўлга киритиш ва Россияни кучларни шарқий фронтдан чалғитишга мажбур қилиш бўлганини даъво қилди.
Ҳарбий амалиётлар контекстида ТRТ қарама-қарши томонларнинг баёнотларини дарҳол тасдиқлай олмайди ёки рад эта олмайди.