Беларус Республикаси Президенти Александр Лукашенко АҚШнинг Украинадаги уруш бўйича аниқ режаси йўқлигини ва фақат "вазиятни ўрганаётганини" айтди. Беларус раҳбари бу фикрларни Кремлда Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан учрашув арафасида билдирди.
Лукашенконинг таъкидлашича, Украинадаги вазиятни ҳал қилиш масаласида Россияга босим ўтказиш мумкин эмас. Беларус президенти Вашингтон Москвага эмас, балки Киевга босим ўтказаётганини айтди. Унинг фикрича, "Россияга таъсир ўтказа олмагани учун" Вашингтон Киевга "босим ўтказишга" қарор қилган.
"Уларнинг (Россиянинг) қўлида, Трамп айтганидек, катта козирлар бор. Агар улар бу козирларни сақлаб қолсалар, кейин чиқарсалар ва бу қарта ўйинида ғалаба қозона бошласалар - шундагина келишувга эришамиз," - деди Александр Лукашенко.
"Менимча, украинлар бунга ҳали ҳам рози бўлмайди, улар россияликлар бундан воз кечади ва ўзлари Трамп айтган козирга эга бўлади, деб ўйлашмоқда," - дея фикр билдирди Беларус президенти.